Левилар (3-Таврот) 10 bob
1 Ҳоруннинг ўғиллари Надов ва Абиҳу ўз оловкуракларини олиб, ичига чўғ солдилар, чўғ устига хушбўй тутатқи ташладилар. Улар Эгамиз амр этмаган бегона оловни Унинг ҳузурига олиб кирдилар.
2 Тўсатдан Эгамизнинг ҳузуридан олов отилиб чиқиб, уларни куйдириб юборди. Иккови ҳам ўша ерда, Эгамизнинг ҳузурида ҳалок бўлдилар.
3 Шунда Мусо Ҳорунга деди: — Эгамизнинг, “Ёнимда бўлганлар орқали Мен муқаддаслигимни кўрсатаман, бутун халқ олдида улуғланаман”, деб айтгани мана шудир. Ҳорун индамади.
4 Мусо Ҳоруннинг амакиси Узиёл ўғиллари Мишаил ва Элзафанни чақиртириб, уларга деди: “Боринглар, қариндошларингизнинг жасадларини Муқаддас чодирнинг олдидан олиб кетиб, қароргоҳнинг ташқарисига олиб чиқинглар.”
5 Мишаил ва Элзафан Мусонинг айтганини қилиб, қариндошларининг жасадларини кўйлакларидан ушлаб, қароргоҳ ташқарисига олиб чиқдилар.
6 Сўнг Мусо Ҳорунга ва унинг ўғиллари Элазар билан Итамарга айтди: “Қайғудан сочингизни тўзитманглар, либосларингизни йиртманглар, акс ҳолда, сизлар ҳам нобуд бўласизлар ва бутун жамоа Худонинг ғазабига учрайди. Аммо қариндошларингиз, бутун Исроил насли Эгамиз куйдириб нобуд қилган Надов ва Абиҳу учун аза тутишлари мумкин.
7 Сизлар эса Учрашув чодирига кираверишдан нарига жилманг. Акс ҳолда, нобуд бўласизлар. Сизнинг устингизга Эгамизнинг муқаддас қиладиган мойи* суртилган.” Улар Мусонинг айтгани бўйича иш тутдилар.
8 Эгамиз Ҳорунга шундай деди:
9 “Сен ва ўғилларинг Учрашув чодирига киришдан олдин шароб ёки бошқа ўткир ичимликлар ичманглар. Ичсангиз, нобуд бўласизлар. Бу авлодларингиз оша доимий қонун–қоида бўлсин.
10 Сизлар муқаддас нарсаларни оддий нарсалардан, ҳаромни ҳалолдан ажрата олишларинг шарт.
11 Мусо орқали Мен айтган ҳамма қонунларни Исроил халқига ўргатишларинг лозим.”
12 Мусо Ҳорунга ва унинг омон қолган ўғиллари Элазар билан Итамарга деди: “Эгамизга атаб, оловда куйдириладиган дон назрларининг ортиб қолганини олиб, хамиртурушсиз нонлар ёпинглар. Бу нонларни қурбонгоҳ ёнида тановул қилинглар, чунки бу назр ғоят муқаддасдир.
13 Эгамизга атаб, оловда куйдириладиган назрлардан сенга ва сенинг ўғилларингга тегадиган улуш мана шудир. Шунинг учун буни муқаддас жойда тановул қилинглар. Эгам менга шуни амр қилди.
14 Юқорига кўтарилган тўш билан назр қилинган сонни эса сен ва сенинг ўғил–қизларинг ҳар қандай ҳалол жойда тановул қилишларинг мумкин. Бу нарсалар Исроил халқининг тинчлик қурбонликларидан сенга ва фарзандларингга улуш қилиб берилгандир.
15 Исроил халқи қурбонликнинг оловда куйдириладиган ёғи билан бирга қурбонликнинг тўши ва сонини олиб келсинлар. Улар тўш ва сонни Эгамизга бағишлаганини кўрсатиш учун юқорига кўтарганларидан кейин, булар сенга ва фарзандларингга берилади. Эгамизнинг амрига кўра, сизларга тегадиган доимий улуш шудир.”
16 Сўнг Мусо гуноҳ қурбонлиги қилинган эчки ҳақида сўради, билсаки, у қурбонлик куйдирилиб бўлибди. Мусо Ҳоруннинг қолган иккала ўғли Элазар билан Итамардан қаттиқ ғазабланиб, уларга деди:
17 — Нимага гуноҳ қурбонлигининг гўштини муқаддас жойда емадинглар?! Бу жуда муқаддас қурбонлик–ку! Ахир, ўша қурбонлик жамоанинг айбини ювишингиз ва Эгамиз ҳузурида уларни гуноҳдан поклашингиз учун сизларга берилган–ку!
18 Бу қурбонликнинг қони Муқаддас хонага олиб кирилмаган. Бундай қурбонликни муқаддас жойда енглар, деб сизларга амр қилмаганмидим?!
19 Шунда Ҳорун Мусога деди: — Мана, бугун ўғилларим Эгамизга гуноҳ қурбонлигини ва куйдириладиган қурбонликни келтирдилар. Аммо шўрим қуриди–ку! Агар бугун гуноҳ қурбонлиги гўштидан еганимда, Эгам мендан мамнун бўлармиди?!
20 Мусо бу гапни эшитиб, маъқул топди.