Левилар (3-Таврот) 22 bob
1 Эгамиз Мусо орқали.
2 Ҳорун ва унинг ўғилларига шундай деди: “Сизлар Исроил халқининг Менга бағишлаган эҳсонлари билан эҳтиёткор бўлинглар, тағин Мен, Муқаддас Худони бадном қилиб қўйманглар. Мен Эгангизман.
3 Агар наслингиздан биронтаси ҳаром бўла туриб, Исроил халқи Менга бағишлаган эҳсонларга яқинлашса, у Менинг ҳузуримда бошқа хизмат қилмайдиган бўлсин. Мен Эгангизман.
4 Ҳоруннинг наслидан тери касаллигига чалинган ёки ажралмаси оққан бирортаси покланмагунча эҳсондан тановул қилмасин. Борди–ю, руҳонийлардан бирортаси мурда дастидан булғанган нарсага тегса ёки жинсий аъзосидан маний оқса,
5 ёхуд ўрмалаб юрадиган ҳаром жониворга ё ҳаром бўлган одамга тегса, ўзи ҳаром бўлган ҳисобланади. У теккан одам қандай йўл билан ҳаром бўлганидан қатъий назар,
6 руҳоний кечгача ҳаром бўлади. Руҳоний баданини ювмагунча эҳсондан тановул қилмасин.
7 Қуёш ботгандан кейин у пок бўлади. Ана шундагина у эҳсонлардан тановул қила олади, чунки бу эҳсонлар унинг таомидир.
8 Ҳаром ўлган ёки ёввойи ҳайвон ғажиган жониворнинг гўштини руҳоний емасин. Акс ҳолда, у ўзини ўзи ҳаром қилади. Мен Эгангизман.
9 Руҳонийлар талабларимни бажаришсин. Акс ҳолда, талабларимга риоя қилмаганлари учун гуноҳларининг жазосини олиб, нобуд бўладилар. Уларни муқаддас қиладиган Эгангиз Менман.
10 Руҳоний хонадонига мансуб бўлган кишиларгина эҳсонлардан тановул қилишлари мумкин. Руҳонийникида турган мусофир ёки мардикор эҳсонлардан тановул қилмасин.
11 Лекин руҳоний ўз кумушига сотиб олган ёки унинг хонадонида туғилган қулу чўрилар бу назрлардан тановул қилишлари мумкин.
12 Агар руҳонийнинг қизи руҳонийлар қавмига мансуб бўлмаган одамга турмушга чиқса, эҳсонлардан тановул қилиш унга ман этилсин.
13 Борди–ю, руҳонийнинг бу қизи фарзанд кўрмай бева бўлиб қолса ёки эридан ажралса, отасининг хонадонига қайтиб келгандан кейин, қизлик давридагидай отасининг таомидан тановул қилиши мумкин. Аммо руҳонийлар қавмига мансуб бўлмаган одам руҳонийнинг таомидан тановул қилмасин.
14 Агар бирор одам билмаган ҳолда эҳсондан еб қўйса, у руҳонийга келтирган зарарни тўлаб, устига бешдан бир қисмини қўшиб берсин.
15 Руҳонийлар Исроил халқининг Менга келтирган эҳсонларини булғашмасин.
16 Уларни бошқаларнинг тановул қилишига йўл қўйишмасин. Акс ҳолда, руҳонийлар Исроил халқини айбдор қилиб қўйишади, халқ айб қурбонлиги келтириши керак бўлади. Эҳсонни муқаддас қиладиган Эгангиз Менман.”
17 Эгамиз Мусо орқали
18 Ҳорунга, унинг ўғилларига ва бутун Исроил халқига қуйидаги қоидаларни берди: Исроил халқидан ёки орангизда яшаётган мусофирлардан бирортаси берган ваъдаси устидан чиқмоқчи бўлиб ёки кўнгилдан чиқариб, Эгамизга куйдириладиган қурбонлик келтирмоқчи бўлса
19 нуқсонсиз буқа, қўчқор ёки такани олиб келсин. Шунда қурбонлиги қабул бўлади.
20 Нуқсони бор жониворни олиб келманг, бундай қурбонлигингиз қабул бўлмайди.
21 Агар бирортаси берган ваъдаси устидан чиқиш учун ёки кўнгилдан чиқариб, Эгамизга тинчлик қурбонлигини келтирмоқчи бўлса, подаси ёки сурувидан нуқсонсиз жониворни танлаб олсин. Қурбонлиги қабул бўлиши учун жонивор беками–кўст бўлсин.
22 Кўр, жароҳатланган, майиб, ярасидан йиринг оққан, қўтир ёки қичимаси бор жониворни Эгамизга келтирманг, уни оловда куйдириладиган назр сифатида қурбонгоҳ устида куйдирманг.
23 Бир туёғи калта ёки узун бўлган бузоқни ёки қўзичоқни кўнгилдан чиқариб берадиган қурбонлик сифатида келтиришингиз мумкин. Лекин бундай жониворни берган ваъдангиз устидан чиқиш учун олиб келманг, у қабул бўлмайди.
24 Мояги кўкарган, эзилган, узилган ёки кесиб олинган жониворни Эгамизга келтирманг. Юртингизда бунга йўл қўйманг.
25 Худойингизга қурбонлик келтирмоқчи бўлган мусофирдан ҳам майиб жониворни қабул қилманг. Бундай жонивор нуқсонли бўлгани учун қабул бўлмайди.
26 Эгамиз Мусога яна деди:
27 “Янги туғилган бузоқ, қўзичоқ ёки улоқча етти кун онасининг ёнида бўлсин. Еттинчи кундан кейин уни оловда куйдириб, Менга назр қилишингиз мумкин.
28 Лекин подангиздаги ёки сурувингиздаги она ва болани бир кунда сўйманг.
29 Менга шукрона қурбонлигини* келтирмоқчи бўлганингизда қоидаларга риоя қилган ҳолда келтиринг, токи қурбонлигингиз қабул бўлсин.
30 Қурбонликнинг гўштини ўша куниёқ тановул қилинг. Ундан эрталабгача ҳеч нарса қолдирманг. Мен Эгангизман.
31 Амрларимни битта қолдирмай бажаринг. Мен Эгангизман.
32 Мен, Муқаддас Худони бадном қилманг. Бутун Исроил халқи Мени муқаддас деб билсин. Мен сизларни муқаддас қиладиган Эгангизман.
33 Худойингиз бўлиш учун сизларни Миср юртидан олиб чиққанман. Мен Эгангизман.”