Левилар (3-Таврот) 24 bob
1 Эгамиз Мусо орқали.
2 Исроил халқига қуйидаги амрларни берди: тоза зайтун мойидан олиб келинглар. Токи мойчироқлар ҳар доим тун бўйи ёниб турсин.
3 Ҳорун мойчироқларни Учрашув чодирига, Аҳд сандиғини тўсиб турган ички парда олдига ўрнатсин. Мойчироқлар Эгамизнинг ҳузурида оқшомдан эрталабгача ўчмай ёниб турсин. Бу авлодларингиз оша доимий қонун–қоида бўлсин.
4 Ҳорун мойчироқларни тоза олтиндан ясалган чироқпояга ўрнатсин. Мойчироқлар Эгамизнинг ҳузурида доимо тун бўйи ёниб турсин.
5 Сифатли ундан ўн иккита нон ёп. Ҳар бир нон саккиз коса ундан ёпилган бўлсин.
6 Нонларни Эгамиз ҳузуридаги тоза олтиндан ясалган хонтахта устига икки қатор қилиб тер. Ҳар бир қаторда олтитадан нон бўлсин.
7 Ҳар бир қаторга тоза хушбўй тутатқидан қўй. Бу хушбўй тутатқи ноннинг ўрнига оловда куйдирилиб, Эгамизга назр қилинади.
8 Ҳорун нонларни доимий тарзда, ҳар Шаббат куни Исроил халқи номидан Эгамиз олдига қўйсин. Бу Исроил халқининг абадий мажбуриятидир.
9 Бу нонлар Ҳорун ва унинг авлодиники бўлсин. Улар бу нонларни муқаддас жойда тановул қилишсин. Эгамизга атаб, оловда куйдириладиган назрлардан Ҳоруннинг наслига берилган доимий улуш шудир, у ғоят муқаддасдир
10 Дан қабиласидан бўлган Дибри қизи Шалумит Мисрлик бир кишига турмушга чиққан эди. Уларнинг бир ўғли бор эди.
11 Бир куни ўша ўғли Исроил халқидан бўлган бир одам билан жанжаллашиб қолди. Жанжал пайтида Шалумитнинг ўғли қарғаниб, Худога шак келтирди. Шунда уни Мусонинг олдига олиб келишди.
12 Эгамизнинг ҳукми маълум бўлгунга қадар уни қамаб қўйишди.
13 Эгамиз Мусога деди:
14 “Шаккокни қароргоҳнинг ташқарисига олиб чиқинглар. Шак келтирганини эшитганларнинг ҳаммаси қўлини унинг бошига қўйсин, кейин бутун жамоа уни тошбўрон қилсин.
15 Исроил халқига шу гапимни айтиб қўй: «Мени қарғаган ҳар қандай одам жазога тортилсин.
16 Мен, Эгангизга шак келтирган одамнинг жазоси ўлимдир. Бутун жамоа уни тошбўрон қилсин. Ўша шаккок ким бўлишидан қатъий назар, мусофир бўладими ёки Исроил халқиданми, ўлдирилсин.
17 Одамнинг жонига қасд қилган ҳар қандай одам ўлдирилсин.
18 Бировнинг молини ўлдириб қўйган одам эгасига товон тўласин. Бундай вазиятда жон эвазига жон деган қоида қўлланилсин.
19 Агар кимдир бировга шикаст етказса, унга ҳам худди шундай шикаст етказилсин.
20 Синиқ эвазига синиқ, кўз эвазига кўз, тиш эвазига тиш билан жавоб қайтарилсин. Шикаст етказганга худди шундай шикаст етказилсин.
21 Жониворни ўлдирган товон тўласин, одамни ўлдирган эса ўлим жазосини олсин.
22 Мусофир учун ҳам, Исроиллик учун ҳам қонун бирдир. Мен Эгангиз Худоман.»”
23 Мусо бу сўзларни Исроил халқига айтиб бўлгач, халқ шаккокни қароргоҳ ташқарисига олиб чиқиб, тошбўрон қилди. Шундай қилиб, Исроил халқи Эгамизнинг Мусога берган амрини адо этди.