Левилар (3-Таврот) 21 bob
1 Эгамиз Мусо орқали Ҳоруннинг руҳоний ўғилларига шундай деди: “Руҳоний қазо қилган қариндошининг жасадига тегиб ўзини булғамасин.
2 Борди–ю, марҳум руҳонийнинг энг яқин қариндоши, яъни ота–онаси, ўғил–қизи, ака–укаси,
3 шунингдек, турмушга чиқмаган опа–синглиси бўлса, улар туфайли булғаниши мумкин.
4 Лекин хотини томонидан биров қазо қилса, у туфайли ўзини булғаб, мурдор бўлмасин.
5 Руҳоний аза тутганда сочини қирмасин, соқолининг учини қирқмасин, баданини тилмасин.
6 У Менинг олдимда муқаддас бўлсин, Мени бадном этмасин. Мен, Эгасига оловда куйдириладиган таом назрларини келтиргани учун у муқаддас бўлсин.
7 Фоҳишалик қилиб булғанган ёки эридан ажралган аёлга уйланмасин. Зотан, руҳоний Менинг олдимда муқаддасдир.
8 Халқ ҳам руҳонийни муқаддас деб билсин, чунки Мен, Худойингизга нон келтирадиган ўшадир. У одамлар учун муқаддас бўлсин, зотан, Мен, Эгангиз, муқаддасман. Халқимни муқаддас қиладиган Менман.
9 Агар руҳонийнинг қизи фоҳишалик қилиб ўзини булғаса, у отасини ҳам булғаган бўлади. Ундай қизни тириклайин куйдириш лозим.
10 Ака–укалари орасидан бошига мой суртиб танланган олий руҳоний руҳонийлик либосларини кийиш учун бағишлангандир. Шунинг учун у қайғудан сочини тўзитмасин, либосларини ҳам йиртмасин.
11 Жасаднинг яқинига бормасин, ҳатто вафот этган ота–онаси туфайли ҳам ўзини булғамасин.
12 У ота–онасини дафн қилиш учун Муқаддас чодирдан чиқмасин, шу туфайли Менинг Чодиримни булғамасин. Зотан, Менинг муқаддас қиладиган мойим унинг устидадир, у Менга бағишлангандир. Мен Эгангизман.
13 Олий руҳоний фақат бокира қизга уйлансин.
14 Бева, эридан ажралган ёки фоҳишалик қилиб булғанган аёлни хотинликка олмасин. Ўз қавмидаги бокира қизга уйлансин,
15 шу тариқа муқаддас наслини ҳаромликдан асрасин. Мен, Эгангиз, уни муқаддас қилганман.”
16 Эгамиз Мусо орқали
17 Ҳорунга шундай деди: “Авлодингдан нуқсони бор бирор одам Менга қурбонликларни келтирмасин. Бунга авлодлар оша риоя қилинглар.
18 Нуқсони бор ҳеч ким яқинимга келмасин: кўр, чўлоқ, юзишикастланган, майиб,
19 қўл–оёғи синган,
20 букур, пакана, кўзида нуқсони бор, йиринглаган яралари ёки қўтири бор, мояги эзилган одам қурбонгоҳнинг яқинига бормасин.
21 Руҳоний Ҳорун наслидан нуқсони бор биронтаси ҳам оловда куйдириладиган назрларни Мен, Эгангизга келтирмоқчи бўлиб яқинлашмасин. Нуқсони бўлгани учун у Менга таом назрларини келтириш учун яқинлашмасин.
22 У Менинг қурбонликларимни, энг муқаддас ва муқаддас назрларимни тановул қилиши мумкин.
23 Лекин нуқсони борлиги учун у Муқаддас хонадаги ички пардага ва қурбонгоҳга асло яқинлашмасин. Акс ҳолда, у муқаддас маконимни булғаган бўлади. Маконимни муқаддас қиладиган Эгангиз Менман.”
24 Шундай қилиб, Мусо буларнинг ҳаммасини Ҳорун ва унинг ўғилларига ҳамда бутун Исроил халқига айтди.