Левилар (3-Таврот) 17 bob
1 Эгамиз Мусо орқали.
2 Ҳорунга, унинг ўғилларига ва жамики Исроил халқига қуйидаги амрларни берди:
3 агар Исроил халқидан бирортаси қароргоҳда ёки қароргоҳ ташқарисида буқа, қўзи ёки эчкини қурбонлик қилса–ю,
4 уни Эгамизга тақдим қилиш учун Учрашув чодири кираверишига олиб келмаса, ўша одам қон тўккани учун айбдор ҳисоблансин. Қон тўккан бу одам халқ орасидан йўқ қилинсин.
5 Бу қоида Исроил халқининг далаларда қурбонликлар қилишларига чек қўяди. Улар қурбонликларини руҳонийга, Учрашув чодири кираверишига олиб келадиган бўлишади ва қурбонликларини тинчлик қурбонлиги қилиб, Эгамизга бағишлашади.
6 Руҳоний қурбонликнинг қонини Учрашув чодирига кираверишда турган Эгамизнинг қурбонгоҳига сепсин. Сўнг Эгамизга ёқимли ҳид бориши учун қурбонликнинг ёғини куйдирсин.
7 Бундан буён Исроил халқи ўз қурбонликларини эчки жинларга келтирмасин, Эгамизга бевафолик қилмасин. Бу қоидага улар доимо, авлодлари оша риоя қилишсин.
8 Исроил халқидан ёки уларнинг ораларида истиқомат қилаётган мусофирлардан бирортаси куйдириладиган ва бошқа қурбонликлар қилса–ю,
9 ўшаларни Эгамизга назр қилиш учун Учрашув чодири кираверишига олиб келмаса, у одам халқ орасидан йўқ қилинсин.
10 Агар Исроил халқидан ёки уларнинг ораларида истиқомат қилаётган мусофирлардан бирортаси қони чиқарилмаган гўштни еса, Эгамиз қон истеъмол қилган ўша одамга қарши чиқиб, уни халқ орасидан йўқ қилиб юборади.
11 Зотан, жонзотнинг жони унинг қонидир. Эгамиз қонни сизларга қурбонгоҳ устида гуноҳларингизни ювиш учун берган. Жон ато этадиган қон сизларни гуноҳларингиздан поклайди.
12 Шунинг учун Эгамиз Исроил халқига: “Қони чиқарилмаган гўштни зинҳор истеъмол қилманг, ораларингизда яшаётган мусофир ҳам қонни истеъмол қилмасин”, — деб айтган.
13 Овланган ҳалол ҳайвон ёки қушнинг қонини чиқаринглар. Қонни тупроқ билан кўмиб қўйинглар. Бу қоида Исроил халқига ва уларнинг орасида истиқомат қилаётган мусофирларга тааллуқлидир.
14 Ҳар бир жонзотнинг жони унинг қонидир. Шу боис Эгамиз Исроил халқига айтди: “Қони чиқарилмаган гўштни еманглар. Зотан, ҳар бир жонзотнинг жони қондадир. Қон истеъмол қилган одам халқи орасидан йўқ қилинсин.”
15 Ҳаром ўлган ёки ёввойи ҳайвон ғажиб ташлаган жониворнинг гўштини еган ҳар бир одам, Исроил халқидан ёки бошқа халқдан бўлишидан қатъий назар, кийимларини ювсин, ўзи ҳам ювинсин. У кечгача ҳаром бўлиб, сўнг яна пок бўлади.
16 Борди–ю, у кийимларини ювмаса, ўзи ҳам ювинмаса, қилган гуноҳи учун жазоланади.