Левилар (3-Таврот) 15 bob
1 Эгамиз Мусо ва Ҳорун орқали.
2 Исроил халқига қуйидаги қоидаларни берди: касаллик туфайли бирор эркакнинг жинсий аъзосидан ажралмалар оқса, у одам ҳаром бўлади.
3 Ажралма оқиши давом этса ҳам, йўли ёпилгандан тана ичида қолса ҳам, одам ҳаром ҳисобланади.
4 Бундай одам тўшакка ётса, тўшак ҳаром бўлади, у ўтирган ҳар қандай жой ҳам ҳаром ҳисобланади.
5 Унинг тўшагига теккан ҳар қандай одам кийимларини ювсин, ўзи ҳам ювинсин, у кечгача ҳаром бўлади.
6 Ажралмаси оққан одам ўтирган жойга ким ўтирса, кийимларини ювсин, ўзи ҳам ювинсин, у кечгача ҳаром бўлади.
7 Ажралмаси оққан одамга теккан ҳар ким кийимларини ювсин, ўзи ҳам ювинсин, у кечгача ҳаром бўлади.
8 Ажралмаси оққан одам пок одамга тупурса, пок одам кийимларини ювсин, ўзи ҳам ювинсин, у кечгача ҳаром бўлади.
9 Ажралмаси оққан одам эгарда ўтирган бўлса, эгар ҳаром ҳисобланади.
10 Бундай одамнинг ўтирган нарсасига теккан ҳар ким кечгача ҳаром бўлади. Ким ўша нарсани кўтариб борса, кийимларини ювсин, ўзи ҳам ювинсин, у кечгача ҳаром бўлади.
11 Ажралмаси оққан одам қўлини ювмасдан кимга тегса, ўша одам кийимларини ювсин, ўзи ҳам ювинсин, у кечгача ҳаром бўлади.
12 Ажралмаси оққан одам теккан ҳар қандай сопол идиш синдириб ташлансин, ёғоч идиш эса ювилсин.
13 Ажралмаси оққан одам касаллигидан халос бўлгач, етти кун кутсин. Сўнг кийимларини ювиб, булоқ сувида ювинсин ва у пок бўлади.
14 Саккизинчи куни у иккита каптар ёки иккита мусичани Эгамизнинг ҳузурига, Учрашув чодири кираверишига олиб келиб, руҳонийга берсин.
15 Руҳоний қушларнинг биттасини гуноҳ қурбонлиги, иккинчисини эса куйдириладиган қурбонлик қилсин. Шу тариқа руҳоний ажралмаси оққан одамни Эгамизнинг ҳузурида ҳаромлигидан покласин.
16 Агар бирор эркакдан маний оқса, у бутун баданини ювсин. У кечгача ҳаром бўлади.
17 Маний теккан ҳар қандай кийим ва чарм ювилсин, ўша нарсалар кечгача ҳаром бўлади.
18 Эркак аёл билан ётгандан кейин, эркакдан маний оқса, иккови ҳам ювинишсин. Улар кечгача ҳаром бўладилар.
19 Аёл киши ҳайз кўриб, баданидан қон оққанда, у етти кун давомида ҳаром ҳисобланади. Унга теккан одам ҳам кечгача ҳаром бўлади.
20 Аёл ҳаромлигида ётган ва ўтирган ҳамма нарса ҳаромдир.
21 Унинг тўшагига теккан одам кийимларини ювсин, ўзи ҳам ювинсин. У кечгача ҳаром бўлади.
22 Аёл ўтирган буюмга теккан одам ҳам кийимларини ювиб, ўзи ҳам ювинсин. У кечгача ҳаром бўлади.
23 Борди–ю, аёлнинг тўшаги ёки ўтирган буюми устида бирон нарса бўлса, ўша нарсага теккан одам ҳам кечгача ҳаром бўлади.
24 Агар эркак ҳайз кўрган аёл билан ётса, аёлнинг ҳаромлиги эркакка ўтган бўлади. Эркак ҳам етти кун давомида ҳаром бўлиб, у ётган ҳар бир тўшак ҳаром ҳисобланади.
25 Агар аёлнинг ҳайз кўрган пайтдан ташқари қони келса ва бу аҳвол узоқ вақт давом этса ёки ҳайз кўрган даври чўзилиб кетса, қон тўхтагунча аёл ҳаром ҳисобланади. У ҳайз кўрган кунларидай ҳаром бўлади.
26 Ўша вақт давомида аёл ётган ҳар қандай тўшак ва ўтирган ҳар қандай буюм, ҳайз кўрган кунларидай, ҳаром бўлади.
27 Ўша нарсаларга теккан одам ҳаром ҳисобланади. У кийимларини ювиб, ўзи ҳам ювинсин, у кечгача ҳаром бўлади.
28 Аёлнинг қони тўхтаса, орадан етти кун ўтсин. Шундан кейин у пок бўлади.
29 Саккизинчи куни у иккита каптар ёки иккита мусичани Учрашув чодирининг кираверишига олиб келиб, руҳонийга берсин.
30 Руҳоний қушлардан биттасини гуноҳ қурбонлиги, иккинчисини куйдириладиган қурбонлик қилсин. Шу йўсин руҳоний ҳайз кўрган аёлни Эгамизнинг ҳузурида ҳаромлигидан покласин.
31 Хуллас, Исроил халқини ҳаромликдан сақланглар. Тағин улар ҳаромлиги билан ораларидаги Муқаддас чодиримни булғаб қўйиб, нобуд бўлмасинлар
32 Бу қоидалар жинсий аъзосидан маний оққан эркакларга,
33 ҳайз кўрган аёлларга, ҳар қандай ажралмаси оққан эркагу аёлларга ва аёлнинг ҳаромлиги даврида у билан ётган эркакларга тааллуқлидир.