ЛЕВИЛАР (ТАВРОТНИНГ УЧИНЧИ КИТОБИ)
Кириш
Левилар китоби Тавротнинг учинчи китобидир. Мазкур китоб Худонинг Мусо пайғамбарга берган қонун–қоидаларидан ташкил топган. Леви қабиласи Ёқубнинг ўғли Левидан келиб чиққан эди. Ёқубнинг ўн икки ўғли бўлиб, Леви учинчи фарзанди эди. Леви қабиласига мансуб бўлганлар левилар деб аталади, китобга шу қабиланинг номи асос бўлган. Чиқиш китобида Худо Мусога Муқаддас чодирни ясашга оид кўрсатмалар берган бўлса, бу китобда ўша Муқаддас чодирда хизмат қилиш мавзуси марказий ўринни эгаллайди. Левилар Муқаддас чодирда Худонинг махсус хизматкорлари эдилар. Руҳонийлар Леви қабиласининг Ҳорун уруғидан келиб чиққанлар. Китобнинг асосий қисмида руҳонийларнинг ва бошқа левиларнинг мажбуриятлари баён қилинган. Уларнинг мажбуриятлари Худога бағишлаб қурбонликлар ва назрлар келтиришдан, шунингдек, байрамларни ва турли маросимларни ўтказишдан иборат эди. Китобдан яна ҳалол ва ҳаром ҳайвонларга оид қонунлар, кийим учун қандай матодан фойдаланиш кераклиги тўғрисидаги кўрсатмалар ва камбағалларга ғамхўрлик қилиш қоидалари ўрин олган. Китобдаги қонун–қоидалар замирида поклик ва муқаддаслик ётади. Муқаддаслик ўзини гуноҳдан сақлаш ва Худога бағишланиб яшашни билдиради. Модомики, Худо Ўз халқининг муқаддас Шоҳи экан, халқ Худонинг ҳузурига келиши учун қурбонликлар қони орқали гуноҳлардан покланиши лозим эди. Бу ишда халққа левилар ёрдам беришарди. Худога манзур бўлиш ва Унинг ҳузуридан баҳраманд бўлиш учун китобдаги барча қонун–қоидаларга риоя қилиш шарт эди. Китобда қонунлардан ташқари, бир нечта ҳикоялар ҳам ўрин олган. Бу ҳикояларда халқнинг ёки руҳонийларнинг қонунга итоатсизлиги қандай оқибатларга олиб келиши тўғрисида баён қилинади. Шунингдек, қонунга итоаткорликнинг самаралари ҳам айтиб ўтилади.