1 Азалдан бор бўлган Ҳаёт Каломи борасида биз эшитиб тамошо қилган, кўзларимиз кўрган, қўлларимиз сезганини сизларга маълум қилмоқдамиз.
2 Ҳаёт зоҳир бўлди, Отанинг ҳузуридаги абадий Ҳаёт бизга зоҳир бўлди. Биз Уни кўрдик ва шоҳид бўлиб сизларга билдирмоқдамиз.
3 Сизлар биз билан муносабатда бўлинглар, деб мана шу кўриб эшитганларимиздан сизларни хабардор қилмоқдамиз. Биз эса Ота билан ва Унинг Ўғли Исо Масиҳ билан муносабатдамиз.
4 Буларни сизларнинг шодлигингиз тугал бўлиши учун ёзяпмиз.
5 Масиҳдан эшитиб, сизларга билдираётган хабаримиз шуки, Худо – нур, Унда ҳеч қандай қоронғилик йўқ.
6 Агар У билан алоқа қиламиз, деб қоронғиликда юрсак, ёлғон гапириб, ҳақиқатга хилоф иш қилган бўламиз.
7 Бироқ Унинг Ўзи нурда бўлгани каби, биз ҳам нурда юрсак, бир-биримиз билан алоқа қиламиз ва Унинг Ўғли Исонинг қони бизни ҳар қандай гуноҳдан пок қилади.
8 Агар гуноҳимиз йўқ десак, ўз-ўзимизни алдаган бўламиз ва кўнглимизда ҳақиқат бўлмайди.
9 Агар гуноҳларимизни эътироф этсак, Худо гуноҳларимиздан ўтади ва бизни ҳар турли ноҳақликдан фориғ қилади. Чунки У Ўз сўзида содиқ ва адолатлидир.
10 Агар гуноҳ қилганимиз йўқ десак, Худони ёлғончи қилиб қўйган бўламиз ва қалбимиздан Унинг каломи жой олмайди.