Чиқиш (2-Таврот) 24 bob
1 Шундан кейин Эгамиз Мусога деди: — Сен Ҳорунни ва унинг икки ўғли Надов билан Абиҳуни, Исроилнинг етмишта оқсоқолини Менинг ҳузуримга олиб кел. Кейин узоқдан сажда қилинглар.
2 Менга фақат сен яқин келгин, бошқа ҳеч ким яқин келмасин. Халқ эса сизлар билан бирга чиқмасин.
3 Мусо келиб, Эгамизнинг ҳамма амрларини, ҳамма қонун–қоидаларини халққа айтиб берди. Халқ бир овоздан: “Эгамизнинг ҳамма айтганларини бажарамиз”, дея жавоб берди.
4 Мусо Эгамизнинг ҳамма амрларини ва қонун–қоидаларини ёзди. Сўнг эртаси куни тонгда туриб, тоғ этагига қурбонгоҳ қурди. Ўн икки Исроил қабиласининг миқдорига кўра, ўн иккита тош ўрнатди.
5 Мусо Исроил халқи орасидан ёш йигитларни қурбонликлар келтиргани юборди. Улар Эгамизга куйдириладиган қурбонликлар қилишди. Буқаларни тинчлик қурбонликлари қилишди.
6 Мусо қоннинг ярмини тоғорага қуйди, қолган ярмини эса қурбонгоҳга сепди.
7 Сўнгра у Аҳд китобини олиб, халққа овоз чиқариб ўқиб берди. Шунда халқ: “Эгамизнинг ҳамма айтганларини бажарамиз, Унга итоат қиламиз”, деди.
8 Мусо тоғорадаги қонни олди–да, халққа сепиб: “Ана шу сўзларга мувофиқ, шу қон Эгамизнинг сизлар билан қилган аҳдини тасдиқлайди”, — деди.
9 Шундан кейин Мусо, Ҳорун, Надов, Абиҳу ва Исроилнинг етмишта оқсоқоли тоққа чиқишиб,
10 у ерда Исроил халқининг Худосини кўрдилар: Унинг оёқлари остида зангори ёқутдан қилинган полга ўхшаш бир нарса бор эди. У мовий осмон каби мусаффо эди.
11 Исроил халқининг бу йўлбошчилари Худони кўрган бўлсалар–да, Худо уларни ўлдирмади. Улар ўша ерда қурбонлик гўштини тановул қилдилар.
12 Кейин Эгамиз Мусога айтди: — Тоққа, Менинг олдимга чиқиб, шу ерда тур. Мен сенга амр ва қонунлар ёзилган иккита тош лавҳани бераман. Бу амр ва қонунларни халқ ўргансин деб ёздим.
13 Мусо билан унинг шогирди Ёшуа отланишди. Мусо Худонинг муқаддас тоғига кетаётиб,
14 оқсоқолларга айтди: — Ёнларингизга қайтиб келгунимизча шу ерда — қароргоҳда кутиб туринглар. Ҳорун билан Хур сизларнинг ёнингизда қолади. Кимнинг иши бўлса, уларга мурожаат этсин.
15 Мусо тоққа чиққанда, тоғни булут қоплади.
16 Эгамиз улуғворлигини зоҳир қилиб, Синай тоғига тушди. Олти кун давомида булут тоғни қоплаб турди. Еттинчи куни Эгамиз булут орасидан Мусони чақирди.
17 Эгамизнинг улуғворлиги тоғ чўққисида ловуллаётган аланга каби, Исроил халқи кўзи ўнгида зоҳир бўлиб турарди.
18 Мусо булут орасида юриб, тоғ чўққисига чиқди. Мусо тоғда қирқ кечаю қирқ кундуз қолди.