Чиқиш (2-Таврот) 25 bob
1 Эгамиз Синай тоғида Мусога деди:
2 Менга чин кўнгилдан назр қилмоқчи бўлган одамнинг назрини қабул қил.
3 Сен улардан қабул қилиб оладиган назрлар қуйидагилардир: олтин, кумуш, бронза,
4 шунингдек, кўк, сафсар ва қирмизи рангли иплар, майин зиғир матоси, эчки жуни,
5 қизилга бўялган қўчқор териси, юмшоқ тери, акас ёғочи,
6 мойчироқлар учун зайтун мойи, муқаддас қиладиган мой учун зираворлар, хушбўй тутатқи учун зираворлар
7 эфод ва кўкракпечга тақиладиган ақиқ ҳамда бошқа қимматбаҳо тошлар.
8 Исроил халқи Мен учун муқаддас маскан барпо қилишсин, токи Мен Исроил халқи орасида истиқомат қилайин.
9 Бу Муқаддас чодирни ва унинг ҳамма жиҳозларини Мен сенга кўрсатадиган намунага мувофиқ ясат.
10 Акас ёғочидан Сандиқ ясат. Сандиқнинг узунлиги икки ярим тирсак, эни бир ярим тирсак, бўйи бир ярим тирсак бўлсин.
11 Сандиқнинг ичкарию ташқарисини тоза олтин билан қоплат. Айланасига олтин гулчамбар қилдир.
12 Сандиқ учун эритилган олтиндан тўртта ҳалқа ясатиб, тўртала оёғига маҳкамлат: иккита ҳалқа бир томонида, иккита ҳалқа иккинчи томонида бўлсин.
13 Кейин акас ёғочидан ходалар ясатиб, ходаларни олтин билан қоплат.
14 Ходаларни Сандиқнинг иккала томонидаги ҳалқадан ўтказ, токи ходалар ёрдамида Сандиқни кўтариб юришсин.
15 Ходалар Сандиқнинг ҳалқаларидан айириб олинмасин, доимо турсин.
16 Мен сенга берадиган аҳднинг амр ва қонунлари ёзилган иккита тош лавҳани Сандиққа солиб қўй.
17 Тоза олтиндан Сандиқнинг қопқоғини ясат. Қопқоқнинг узунлиги икки ярим тирсак, эни бир ярим тирсак бўлсин.
18 Шу билан бирга, олтиндан зарб уриб иккита каруб ясат.
19 Битта каруб қопқоқнинг бир четида, иккинчи каруб иккинчи четида бўлиб, ҳар иккаласи қопқоқ билан бир бутунни ташкил қилсин.
20 Карубларнинг тепага кўтарилган қанотлари қопқоқни беркитиб турсин. Улар юзма–юз туриб, қопқоққа қараган бўлсин.
21 Қопқоқни Сандиқнинг устига қўй. Мен сенга берадиган иккита тош лавҳани Сандиққа сол.
22 Мен сен билан Аҳд сандиғи олдида учрашаман. Карублар ўртасидаги гуноҳдан поклаш жойи тепасидан Мен сенга гапириб, Исроил халқи учун ҳамма амрларимни сенга бераман.
23 Акас ёғочидан хонтахта ясат. Уни тоза олтин билан қоплат.
24 Хонтахтанинг узунлиги икки тирсак, эни бир тирсак, бўйи бир ярим тирсак бўлсин. Хонтахтанинг четларига айлантириб олтин гулчамбар қилдир.
25 Яна хонтахтанинг айланаси бўйлаб тўрт энли ром ўрнат. Бу ромни нақшли ҳошия қилиб безат. Уни хонтахтанинг оёқларига маҳкамлат.
26 Яна тўртта олтин ҳалқа ясатиб, ҳар бирини тахта маҳкамланган жойнинг ёнига — тўртала бурчагидаги тўртала оёғига ўрнаштир.
27 Акас ёғочидан иккита хода ясатиб, уларни олтин билан қоплат.
28 Бу ёғочларни ҳалқалардан ўтказиб, хонтахтани кўтариб юриш учун фойдалан.
29 Хонтахтага қўйиладиган лаган, пиёлалар, шароб назр қилиш учун кўза ва косалар ясат. Бу буюмларни тоза олтиндан ясат.
30 Менинг ҳузуримдаги хонтахтада доим муқаддас нонлар турсин.
31 Соф олтиндан зарб уриб чироқпоя ясат. Бутун чироқпоя ва унинг безаклари бир бутун қилиб ясалсин. Чироқпоянинг таглиги, пояси ва куртакли гулга ўхшаш шаклдаги пиёлалари бўлсин.
32 Яна чироқпоянинг поясидан олтита шохча чиқарилсин: учта шохчаси бир ёнидан, учта шохчаси иккинчи ёнидан чиқарилсин.
33 Чироқпоянинг поясидан чиқадиган шохчаларнинг ҳар бирида куртакли бодом гулига ўхшаш шаклдаги учта пиёла бўлсин.
34 Чироқпоянинг поясида куртакли бодом гулига ўхшаш шаклдаги тўртта пиёла бўлсин.
35 Чироқпоянинг поясидан чиқадиган шохчаларнинг ҳар жуфтида бу куртаклардан учтаси бирин–кетин тизилиб турсин.
36 ироқпоя, шохчалари ва куртаклари билан битта қилиб, тоза олтиннинг яхлит бўлагидан зарб уриб ясалиши лозим.
37 Чироқпоя учун еттита мойчироқ ясат. Мойчироқларни чироқпояга шундай ўрнаштиргинки, чироқпоянинг олд томонини ёритадиган бўлсин.
38 Мойчироқларга қараб туриш учун тоза олтиндан қисқичлар ва патнислар ясат.
39 Чироқпояни ва бу буюмларни икки пуд тоза олтиндан ясашсин.
40 Эҳтиёт бўл, ўша ҳамма буюмларни Мен сенга шу ерда — тоғда кўрсатган намунага мувофиқ ясат.