Чиқиш (2-Таврот) 33 bob
1 Кейин Эгамиз Мусога айтди: — Қани, сен ҳам, Мисрдан ўзинг олиб чиққан халқинг ҳам бу жойдан кетинглар. Ота–боболарингиз Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубга Мен: “Сизларнинг наслингизга бераман”, деб қасам ичган юртга боринглар.
2 Сендан олдинда фариштани юбориб, Канъон, Амор, Хет, Париз, Хив ва Ёбус халқларини ҳайдайман.
3 Сут ва асал оқиб ётган ўша юртга кетинглар. Аммо Мен сизлар билан бормайман, чунки сизлар ўжар халқсиз. Сизлар билан борсам, сизларни йўлда ҳалок қилиб ташлашим мумкин.
4 Исроил халқига Менинг шу гапимни етказ: “Сизлар ўжар халқсиз. Агар Мен бир лаҳза сизлар билан борсам, сизларни қириб ташлашим мумкин.
5 Энди зеб–зийнатларингизни ечиб қўйинглар. Мен сизларни нима қилишим тўғрисида бир қарорга келаман.” Халқ бу ваҳимали гапни эшитгач, дод солиб йиғлади. Ҳеч ким зеб–зийнатларини тақмади.
6 Шундай қилиб, Исроил халқи Синай тоғида зеб–зийнатларини ечиб қўйди. Ўшандан кейин улар зеб–зийнатларини бошқа тақмадилар.
7 Мусо бир чодирни қароргоҳнинг ташқарисига — қароргоҳдан узоқроққа олиб бориб ўрнатди. Бу чодирга у Учрашув чодири деб ном берди. Эгамиздан маслаҳат сўрамоқчи бўлган ҳар бир одам ўша ерга келарди.
8 Мусо Учрашув чодирига борганда, бутун халқ туриб, ўз чодирининг кираверишида чиқиб турарди. Мусо чодирга кириб кетгунча, ҳамма тик турганича унинг орқасидан қараб турарди.
9 Мусо чодирга кириб, Эгамиз Мусо билан гаплашганда, устун шаклидаги булут пастга тушиб, чодирнинг кираверишида турарди.
10 Бутун халқ буни кўрганда, ўз чодирлари кираверишида мук тушиб таъзим қиларди.
11 Бирортаси дўсти билан гаплашгандай, Эгамиз ҳам Мусо билан юзма–юз гаплашарди. Кейин Мусо қароргЁшуа эса чодирни тарк этмасди. оҳга қайтиб келар, унинг ёш ёрдамчиси Нун ўғли
12 Шундан кейин Мусо Эгамизга айтди: — Сен: “Бу халқни бошлаб олиб кет”, деб менга амр бердинг–у, лекин биз билан кимни юборишингни айтмадинг. Яна: “Мен сени танладим, сен ҳақиқатан Мендан марҳамат топгансан”, деган эдинг.
13 Агар мен Сендан марҳамат топган бўлсам, илтижо қиламан: менга йўлларингни кўрсатгин. Сендан марҳамат топиб юришим учун Сени билайин. Бу халқ Ўзингнинг халқинг эканини ёдингда тутгин.
14 Эгамиз Мусога деди: — Мен сизлар билан бораман. Сизларга тинчлик ато қиламан.
15 Мусо эса Эгамизга айтди: — Агар Сен биз билан бормайдиган бўлсанг, бизни бу ердан олиб чиқмагин.
16 Бўлмаса, мен ва халқингдан мамнун эканлигинг нимадан билинади? Биз билан бирга борганингдан эмасми?! Ер юзидаги ҳамма халқлардан бизнинг фарқимиз ҳам шу эмасми?!
17 Шунда Эгамиз Мусога айтди: — Сен нимани сўраган бўлсанг, Мен шуни қиламан. Чунки сен Мендан марҳамат топгансан. Мен сени танладим.
18 — Илтижо қиламан: менга улуғворлигингни зоҳир қилгин, — деди Мусо.
19 — Мен Ўзимни сенга маълум қиламан. Мен сенинг олдингдан ўтиб, бутун эзгулигимни сенга зоҳир қиламан, — деди Эгамиз Мусога. — Марҳамат қиладиганимга марҳамат қиламан, шафқат қиладиганимга шафқат қиламан.
20 Лекин Менинг юзимни кўра олмайсан. Мени кўрган одам тирик қолмайди.
21 Менга яқин жойда қоя бор. Ўша қоянинг устида тур!
22 Мен ўтаётиб улуғворлигимни зоҳир қилганимда, сени қоянинг ёриқ жойига қўяман. Ўтиб кетгунимча сени қўлим билан тўсиб тураман.
23 Кейин қўлимни оламан. Сен Мени орқамдан кўрасан. Юзимни эса кўрмайсан.