Чиқиш (2-Таврот) 40 bob
1 Эгамиз Мусога айтди:
2 “Биринчи ойнинг биринчи куни Учрашув чодирини — Муқаддас чодирни ўрнаттир.
3 Сўнг Аҳд сандиғи чодирга олиб кирилсин, Сандиқни ички парда билан тўсдир.
4 Кейин хонтахта олиб кирилсин. Хонтахтага тегишли ашёларни унинг устига жойлаштир. Чироқпоя ҳам олиб кирилсин, чироқпояга мойчироқларни ўрнаштир.
5 Олтин тутатқи қурбонгоҳини Аҳд сандиғи олдига қўйдир. Муқаддас чодирга кираверишда пардани осдир.
6 Қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳни Учрашув чодирига — Муқаддас чодирга кираверишда ўрнаштир.
7 Қўлювгични Учрашув чодири билан қурбонгоҳ ўртасига ўрнаштириб, ичига сув қуйдир.
8 Чодир ва қурбонгоҳнинг атрофига пардадан қилинган тўсиқни ўрнаштириб, ҳовлига кираверишдаги пардани осдир.
9 Кейин муқаддас қиладиган мойни олиб, Чодирга ва унинг ҳамма ашёларига суртиб чиқиб, Менга бағишла. Шунда Чодир муқаддас бўлади.
10 Қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳга ва унинг ҳамма буюмларига ҳам мой суртиб, Менга бағишла. Шунда қурбонгоҳ ғоят муқаддас бўлади.
11 Қўлювгичга ва унинг таглигига ҳам мой суртиб, Менга бағишла.
12 Ҳорун билан ўғилларини Учрашув чодирининг кираверишига олиб келиб, ҳаммаларини ювинтир.
13 Сўнг Ҳорун руҳоний бўлиб хизмат қилиши учун уни Менга бағишла: унга муқаддас руҳонийлик либосларини кийдириб, мой сурт.
14 Шундан кейин Ҳоруннинг ўғилларини ҳам олиб келиб, уларга кўйлак кийгиз.
15 Отасига мой суртганингдай, уларга ҳам мой сурт, токи улар руҳоний бўлиб Менга хизмат қилишсин. Ҳорун ва унинг ўғилларига мой суртиш билан уларнинг ўзлари ҳам, насллари ҳам авлодлар оша Менга руҳоний бўлиб хизмат қилишлари учун сен уларга ижозат берган бўласан.”
16 Мусо Эгамиз амр этган ҳамма ишларни бажариб бўлди
17 Иккинчи йилнинг биринчи ойида, ойнинг биринчи куни Мусо Муқаддас чодирни ўрнаттирди:
18 у ҳамма тагликларни жойига қўйдирди, ромларни ўрнаштириб, тамбаларни жойлаштирди, устунларни ўрнаштирди.
19 Сўнгра Чодирни тутиб турадиган ромлар устига чойшаблар ва қопламаларни ташлатди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.
20 Кейин аҳднинг амр ва қонунлари ёзилган иккита тош лавҳани олиб, Сандиққа солиб қўйди. Ходаларни Сандиқ ҳалқасидан ўтказгач, Сандиқнинг қопқоғини Сандиқ устига ўрнаштирди.
21 Сандиқни Муқаддас чодирга олибкирди. Ички пардани осиб, Аҳд сандиғини тўсдириб қўйди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.
22 Учрашув чодирига — чодирнинг шимол томонига, ички парданинг ташқарисига хонтахтани қўйдирди.
23 Хонтахта устига — Эгамизнинг ҳузурига муқаддас нонларни қўйди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.
24 Учрашув чодирига — хонтахтанинг рўпарасига, Чодирнинг жануб томонига чироқпояни қўйдирди.
25 Эгамизнинг ҳузурига — чироқпояга мойчироқларни ўрнаштирди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.
26 Учрашув чодиридаги ички парданинг ташқарисига олтин тутатқи қурбонгоҳини қўйдирди.
27 Қурбонгоҳда хушбўй тутатқи тутаттирди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.
28 Муқаддас чодирга кираверишда пардани осдирди.
29 Учрашув чодирига — Муқаддас чодирга кираверишда қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳни ўрнаштирди. Сўнг қурбонлик билан дон назри келтириб, қурбонгоҳда куйдирди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.
30 Учрашув чодири билан қурбонгоҳ ўртасига қўлювгични ўрнаштириб, ювиниш учун ичига сув қуйдирди.
31 Мусо, Ҳорун ва Ҳоруннинг ўғиллари Учрашув чодирига кирганларида ёки қурбонгоҳда назрларни куйдирганларида, қўлювгичдаги сув билан оёқ–қўлларини ювишар эди.
32 Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.
33 Сўнгра Мусо Чодир билан қурбонгоҳнинг атрофига пардадан қилинган тўсиқни ўрнаштириб, ҳовлига кираверишда пардани осдирди. Шундай қилиб, Мусо ишини тугатди.
34 Кейин Учрашув чодирини — Муқаддас чодирни булут қоплади, Эгамиз улуғворлиги билан зоҳир бўлиб Чодирни тўлдирди.
35 Шунинг учун Мусо Чодирга кира олмади.
36 Чодирдан булут кўтарилганда, Исроил халқи ҳар бир тўхтаган жойидан йўлга чиқиб саёҳатини давом эттирарди.
37 Булут кўтарилмасдан, то булут кўтариладиган кун келмагунча, улар йўлга чиқишмасди.
38 Шундай қилиб, Исроил халқи бутун саёҳатлари давомида кундузи Муқаддас чодир устида Эгамиз зоҳир бўладиган булутни, кечаси Чодир тепасидаги булут ичида ёнаётган алангани кўрар эдилар.