Чиқиш (2-Таврот) 5 bob
1 Шундан кейин Мусо билан Ҳорун фиръавн ҳузурига бориб, унга шундай дедилар: — Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: “Халқимга ижозат бер, улар саҳро ичкарисига бориб, Менга атаб байрам нишонлашсин.”
2 Фиръавн эса: — Эгангиз ким ўзи?! Унинг сўзига кириб Мен Исроил халқини қўйиб юборайми?! — деди. — Эгангизни танимайман, Исроил халқининг кетишига эса ижозат бермайман.
3 Шунда Мусо билан Ҳорун: — Ибронийларнинг Худоси бизга Ўзини зоҳир қилди, — деб жавоб беришди. — Ижозат беринг, саҳрода уч кун йўл юриб бориб, Эгамиз Худога қурбонликлар келтирайлик. Акс ҳолда, У бизни ё ўлатга мубтало қилади, ёки қиличнинг дамига рўпара қилиб жазолайди.
4 Лекин Миср фиръавни: — Эй Мусо! Эй Ҳорун! Нимага халқни ишдан қолдиряпсизлар?! — деди. — Боринглар, ишларингизни қилинглар!
5 Қаранглар, бу ерда қанча қароллар бор–а! Сизлар бўлса, уларни чалғитиб, ишдан қўймоқчисизлар!
6 Ўша куни фиръавн Исроил халқининг тепасида турган Мисрлик назоратчиларга ва Исроил халқидан бўлган ишбошиларга шундай фармон берди:
7 Исроил халқига ғишт қуйгани энди олдингидай сомон берманглар. Ўзлари юриб сомон йиғишсин.
8 Олдин қанча ғишт қуйишган бўлса, бундан кейин ҳам шунча ғишт қуйишга мажбур қилинглар. Ғишт қуйиш миқдорини ҳеч ҳам камайтирманглар. Улар дангаса халқ. Шунинг учун улар, ижозат беринг, бориб, Худойимизга қурбонликлар келтирайлик, деб нола қилишяпти.
9 Уларни шунақанги ишлатингларки, иш билан қаттиқ банд бўлиб, беҳуда гапларга қулоқ солишмасин.”
10 Шундай қилиб, Исроил халқининг тепасида турган Мисрлик назоратчилар билан Исроил халқидан бўлган ишбошилар бориб, Исроил халқига айтдилар: — Фиръавн шундай демоқда: “Сизларга энди сомон бермайман.
11 Боринглар! Қаердан бўлса ҳам ўзларингиз сомон топинглар. Лекин қуяётган ғиштингизнинг миқдори асло камаймасин.”
12 Исроил халқи сомон ўрнига хас–чўп йиғиш учун бутун Миср юрти бўйлаб тарқалиб кетди.
13 Назоратчилар эса уларни сиқувга олар эдилар. “Кундалик ишларингизни сомон берилган кунлардагидай камайтирмасдан бажаринглар”, деб айтардилар.
14 Фиръавннинг назоратчилари ўзлари хизматга тайинлаган Исроил халқи ишбошиларини калтаклаб: “Нимага кеча ҳам, бугун ҳам, олдингидай, белгиланган миқдордаги ғиштни қуймаяпсизлар?” деб талаб қилардилар.
15 Шундан сўнг Исроил халқининг ишбошилари фиръавн ҳузурига бориб, фарёд қилдилар: — Нимага биз, қулларингизга, бундай муомала қиляпсиз?
16 Бизга сомон беришмайди–ю, “Ғишт қуйинглар!” деб буйруқ қилишади. Биз калтак остида қолдик–ку! Айбдор эса сизнинг одамларингиз.
17 Фиръавн эса: — Дангасасизлар, дангаса! — дея жавоб берди. — Шунинг учун: “Ижозат бер, бориб, Эгамизга қурбонликлар келтирайлик”, деяверасизлар.
18 Боринглар, ишланглар! Сизларга сомон берилмайди. Лекин белгиланган миқдордаги ғиштни қуясизлар.
19 Шунда Исроил халқининг ишбошилари: “Кунда белгиланган ғишт миқдорини камайтирмасдан қуясизлар!” деган гапни эшитиб, қийин аҳволдам.
20 Улар фиръавн ҳузуридан чиқишлари билан, Мусо билан Ҳорунга дуч келишди. Иккови уларни кутиб турган эди.
21 Исроил халқи ишбошилари: — Сизлар бизни фиръавнга, унинг аъёнларига ёмон кўрсатиб қўйдингизлар, — дейишди. — Бизни ўлдиришига сабаб топиб бердингиз. Эгамиз қилмишларингизни кўриб, жазоингизни берсин!
22 Шундан кейин Мусо уларнинг олдидан кетиб, Эгамизга илтижо қилди: — Ё Раббий! Нимага бу халқни шунчалик кулфатга қўйдинг? Нимага мени юбординг?
23 Фиръавнга Сенинг хабарингни олиб келишим биланоқ, у халқингга баттар ваҳшийлик қила бошлади. Сен эса Ўзингнинг халқингни озод қилмадинг.