Чиқиш (2-Таврот) 37 bob
1 Базалилнинг кўрсатмаси билан акас ёғочидан Сандиқ ясадилар. Сандиқнинг узунлиги икки ярим тирсак, эни бир ярим тирсак, бўйи бир ярим тирсак эди.
2 Сандиқнинг ичкарию ташқарисини тоза олтин билан қоплаб, айланаси бўйлаб олтин гулчамбар қилдилар.
3 андиқ учун эритилган олтиндан тўртта ҳалқа ясаб, тўртала оёғига маҳкамладилар: иккита ҳалқа бир томонида, иккита ҳалқа иккинчи томонида эди.
4 Кейин акас ёғочидан ходалар ясаб, ходаларни олтин билан қопладилар.
5 Сандиқнинг иккала томонидаги ҳалқадан Сандиқни кўтариб юриш учун ходаларни ўтказдилар.
6 Тоза олтиндан Сандиқнинг қопқоғини ясадилар. Қопқоқнинг узунлиги икки ярим тирсак, эни бир ярим тирсак эди.
7 Шу билан бирга, олтиндан зарб уриб иккита каруб ясадилар.
8 Битта каруб қопқоқнинг бир четида, иккинчи каруб иккинчи четида бўлиб, ҳар иккаласи қопқоқ билан бир бутунни ташкил қилди.
9 Карубларнинг тепага кўтарилган қанотлари қопқоқни беркитиб турарди. Улар юзма–юз туриб, қопқоққа қараган эди.
10 Акас ёғочидан хонтахта ясадилар. Уни тоза олтин билан қопладилар.
11 Хонтахтанинг узунлиги икки тирсак, эни бир тирсак, бўйи бир ярим тирсак эди. Хонтахтанинг четларига айлантириб олтин гулчамбар қилдилар.
12 Яна хонтахтанинг айланаси бўйлаб тўрт энли ром ўрнатдилар. Бу ромни нақшли ҳошия қилиб безатдилар. Уни хонтахтанинг оёқларига маҳкамладилар.
13 Яна эритилган олтиндан тўртта ҳалқа ясаб, ҳар бирини тахта маҳкамланган жойнинг ёнига — тўртала бурчагидаги тўртала оёғига ўрнаштирдилар.
14 Акас ёғочидан иккита хода ясаб, уларни олтин билан қопладилар.
15 Бу ходаларни ҳалқалардан ўтказиб, хонтахтани кўтариб юриш учун фойдаланилар эди.
16 Хонтахтага қўйиладиган буюмларни — лаган, пиёлалар, шароб назр қилиш учун коса ва кўзаларни тоза олтиндан ясадилар.
17 Соф олтиндан зарб уриб чироқпоя ясадилар. Бутун чироқпояни ва унинг безакларини бир бутун қилиб ясадилар. Чироқпоянинг таглиги, пояси ва куртакли гулга ўхшаш шаклдаги пиёлалари бор эди.
18 Яна чироқпоянинг поясидан олтита шохча чиқарилди: учта шохчаси бир ёнидан, учта шохчаси иккинчи ёнидан чиқарилди.
19 Чироқпоянинг поясидан чиқадиган шохчаларнинг ҳар бирида куртакли бодом гулига ўхшаш шаклдаги учта пиёла бор эди.
20 Чироқпоянинг поясида куртакли бодом гулига ўхшаш шаклдаги тўртта пиёла бор эди.
21 Чироқпоянинг поясидан чиқадиган шохчаларнинг ҳар жуфтида бу куртаклардан учтаси бирин–кетин тизилиб турарди.
22 Чироқпояни шохчалари ва куртаклари билан битта қилиб, тоза олтиннинг яхлит бўлагидан зарб уриб ясадилар.
23 Чироқпоя учун еттита мойчироқ ясадилар. Мойчироқларга қараб туришда фойдалангани тоза олтиндан қисқичлар ва патнислар ясадилар.
24 Чироқпоя билан унинг ҳамма буюмларини икки пуд тоза олтиндан ясадилар.
25 Акас ёғочидан тутатқи қурбонгоҳи ясадилар. Қурбонгоҳ тўртбурчак бўлиб, узунлиги бир тирсак, эни ҳам бир тирсак, бўйи эса икки тирсак эди. Қурбонгоҳнинг тўртала бурчагига ўзидан йўниб чиқарилган биттадан шох ясадилар.
26 Қурбонгоҳнинг устини, ён–атрофини, шохларини тоза олтин билан қопладилар, айланаси бўйлаб олтиндан гулчамбар ясадилар.
27 Қурбонгоҳнинг икки томонидаги гулчамбарнинг остига иккита олтин ҳалқа ўрнаштирдилар.
28 Акас ёғочидан иккита хода ясаб, уларни олтин билан қопладилар. Бу ходаларни ҳалқалардан ўтказиб, қурбонгоҳни кўтариб юриш учун фойдаланилар эди.
29 Уста одам муқаддас қиладиган мой ва тоза, хушбўй тутатқи тайёрлади.