Чиқиш (2-Таврот) 6 bob
1 Шундан сўнг Эгамиз Мусога айтди: — Фиръавнни нима қилишимни энди кўрасан. У қудратли кучимни кўргандан кейин, халқимнинг кетишига ижозат берибгина қолмайди, ҳатто халқимни ўз юртидан қувиб юборади.
2 Худо Мусога яна деди: — Мен Эгангизман.
3 Иброҳимга, Исҳоққа ва Ёқубга Мен Қодир Худо бўлиб Ўзимни зоҳир қилдим*. Аммо уларга Мен, уларнинг Эгаси деб танилмаган эдим.
4 Улар Канъон юртида мусофир бўлиб яшаган эдилар. Ўша юртни сизларга бераман, деб улар билан аҳд қилдим.
5 Мисрликлар қул қилган Исроил халқининг фарёдини аниқ эшитдим. Мен ўша аҳдимни ёдимда тутаман.
6 Шундай қилиб, бу тўғрида Исроил халқига Менинг шу гапимни етказ: “Мен Эгангизман. Мен сизларни Мисрликларнинг зулмидан озод қиламан, қулликдан олиб чиқаман. Қудратли кучим ва ҳукмнинг буюк ишлари билан сизларни қулликдан озод қиламан.
7 Мен сизларни Ўзимнинг халқим қиламан, сизларнинг Худойингиз бўламан. Сизларни Мисрликларнинг зулмидан халос қилган Эгангиз Худо Мен эканлигимни ўшанда билиб оласизлар.
8 Мен Иброҳимга, Исҳоққа ва Ёқубга онт ичиб, бераман деган юртга сизларни олиб бораман. Ўша юртни сизларга мулк қилиб бераман. Мен Эгангизман.”
9 Мусо бу гапларни Исроил халқига айтган эди, аммо халқ унинг гапларига қулоқ солмади. Чунки халқ оғир зулм остида қолиб, руҳан тушкунликка тушган эди.
10 Шундан кейин Эгамиз Мусога айтди:
11 — Миср фиръавни ҳузурига бориб айт: Исроил халқи Мисрдан чиқиб кетишига ижозат берсин.
12 — Гапимга Исроил халқи қулоқ солмади–ю, фиръавн қулоқ солармиди?! — деди Мусо. — Қолаверса, яхши гапира олмайман–ку!
13 Аммо Эгамиз Мусо билан Ҳорунга амр қилди: “Миср фиръавни олдига қайтиб боринглар. Исроил халқи Мисрдан кетишига ижозат беринг, деб талаб қилинглар.”
14 Баъзи Исроил қабилаларининг уруғбошилари қуйидагилардир: Ёқубнинг тўнғич ўғли Рубеннинг Ханўх, Паллув, Хазрон ва Карми деган ўғиллари бор эди. Улардан Рубен қабиласининг уруғлари келиб чиққан.
15 Шимўннинг Ямувол, Ёмин, Охад, Ёхин, Зўхар ва Канъонлик аёлдан туғилган Шовул деган ўғиллари бор эди. Улардан Шимўн қабиласининг уруғлари келиб чиққан.
16 Леви 137 йил яшади. Унинг Гершон, Қоҳот ва Марори деган ўғиллари бор эди.
17 Гершоннинг Лубнах ва Шимах деган ўғиллари бор эди.
18 Қоҳот 133 йил яшади. Унинг Имром, Изхор, Хеврон ва Узиёл деган ўғиллари бор эди.
19 Марорининг Махли ва Муши деган ўғиллари бор эди. Уларнинг ҳаммасидан Леви қабиласининг уруғлари келиб чиқди.
20 Имром 137 йил яшади. У ўзининг аммаси Йўхавадга уйланди. Йўхавад Имромга Ҳорун ва Мусони туғиб берди.
21 Изхорнинг Кўрах, Нафах ва Зихри деган ўғиллари бор эди.
22 Узиёлнинг Мишаил, Элзафан ва Ситри деган ўғиллари бор эди.
23 Ҳорун Элишбага уйланди. У Оминадавнинг қизи, Нахшўннинг синглисидир. Элишба Ҳорунга тўртта ўғил: Надов, Абиҳу, Элазар ва Итамарни туғиб берди.
24 Кўрахнинг Асер, Элқана ва Абуасаф деган ўғиллари бор эди. Улардан Кўрах уруғлари келиб чиқди.
25 Ҳоруннинг ўғли Элазар Футиёлнинг қизларидан бирига уйланди. Хотини Элазарга Финхазни туғиб берди. Уруғлари бўйича Леви қабиласининг уруғбошилари ана шулардир.
26 Юқорида айтиб ўтилган Ҳорун ва Мусога Эгамиз: “Исроилнинг ҳар бир оиласи ва қабиласини Мисрдан олиб чиқинглар!” деб амр берди.
27 Улар: “Исроил халқини озод қилинг”, деб Миср фиръавнига буйруқ бердилар.
28 Шундай қилиб, Эгамиз Мусо билан Мисрда гаплашганда,
29 унга: “Мен Эгангизман, сенга айтганларимнинг ҳаммасини Миср фиръавнига етказ!” деб амр берган эди.
30 Мусо эса Эгамизнинг олдида: “Мен яхши гапира олмайман–ку! Фиръавн менинг гапимга қулоқ солмайди!” деган эди.