Чиқиш (2-Таврот) 38 bob
1 Акас ёғочидан тўртбурчак қилиб куйдириладиган қурбонлик учун қурбонгоҳ ясадилар. Қурбонгоҳнинг узунлиги беш тирсак, эни ҳам беш тирсак, бўйи уч тирсак эди.
2 Қурбонгоҳнинг тўртала бурчагига ўзидан йўниб чиқарилган биттадан шох ясадилар. Қурбонгоҳ ва унинг шохларини бронза билан қопладилар.
3 Қурбонгоҳнинг ҳамма буюмлари — қозонларни, куракларни, тоғорачаларни, санчқиларни ва оловкуракларни бронзадан ясадилар.
4 Қурбонгоҳга бронзадан панжара ясадилар. Панжарани қурбонгоҳнинг ичига — тўрт томонига ўрнатилган токчанинг остида ўрнатдилар, ярмигача етиб борди.
5 Бронза панжаранинг тўртала бурчагига ходаларни ўтказиш учун эритилган бронзадан тўртта ҳалқа ясадилар.
6 Акас ёғочидан ходалар ясаб, ходаларни бронза билан қопладилар.
7 Қурбонгоҳни ходалар ёрдамида кўтариб юриш учун қурбонгоҳ ёнларидаги ҳалқаларга ходаларни ўтказиб қўйдилар. Қурбонгоҳнинг четларига тахта қоқиб, ичини бўш қолдирдилар.
8 Учрашув чодирига кираверишда хизмат қилган аёллар ҳадя қилган бронза кўзгулардан улар бронза қўлювгични ва унинг таглигини ясадилар.
9 Сўнгра Муқаддас чодирнинг ҳовлисини ўраб турсин деб, пардадан тўсиқ қилдилар: тўсиб турадиган пардаларни майин зиғир матосидан тикдилар. Ҳовлининг жануб томонидаги пардадан қилинган тўсиқнинг узунлиги юз тирсак эди.
10 Ўша тўсиқда йигирмата бронзадан қилинган тагликка йигирмата устун ўрнатилган эди. Шу ердаги пардаларни осиш учун устунларга кумушдан қилинган илгаклар ва ҳалқаларни маҳкамладилар.
11 Ҳовлининг шимол томонидаги пардадан қилинган тўсиқнинг узунлиги ҳам юз тирсакни ташкил қилиб, унинг йигирмата устуни ва бронзадан қилинган тагликлари бор эди. Унинг пардаларини осиш учун устунларига ҳам кумушдан қилинган илгаклар ва ҳалқаларни маҳкамладилар.
12 Ҳовлининг ғарб томонидаги пардадан қилинган тўсиқнинг узунлиги эллик тирсак, унинг ўнта устуни ва таглиги бор эди. Унинг пардаларини осиш учун устунларига ҳам кумушдан қилинган илгаклар ва ҳалқаларни маҳкамладилар.
13 Ҳовлининг шарқ томони эллик тирсак кенгликда эди.
14 Ҳовлининг кириш жойи шу ер эди.
15 Киришнинг ўнг ва чап томонидаги пардадан қилинган тўсиқларнинг узунлиги ўн беш тирсакдан эди, ҳар икки томонда учтадан устун ва тагликлар бор эди.
16 Ҳовлининг ҳамма томонидаги тўсиб турадиган пардаларни майин зиғир матосидан қилдилар,
17 устунларнинг таглигини бронзадан, илгаклари ва ҳалқаларини кумушдан қилдилар. Устунларнинг тепасини кумуш билан қопладилар. Ҳовлининг ҳамма устунларида кумуш ҳалқалар бор эди.
18 Ҳовлига кириш жойи учун парда қилдилар. Уни майин зиғир матосидан тикдилар, устига кўк, сафсар ва қирмизи иплардан маҳорат билан нақш солдилар. Бу парданинг эни йигирма тирсак, бўйи ҳовлининг тўсиб турадиган пардалари каби, беш тирсак эди.
19 Бу пардани тўртта тагликка ўрнатилган тўртта устун ушлаб турди. Устунларнинг таглигини бронзадан, илгаклари ва ҳалқаларини кумушдан қилдилар. Устунларнинг тепасини кумуш билан қопладилар.
20 Муқаддас чодирни ва пардадан қилинган тўсиқни ушлаб турадиган барча қозиқларни ҳам бронзадан ясадилар.
21 Эгамизнинг Мусога берган амрига кўра, Яҳудо қабиласидан Урининг ўғли, Хурнинг набираси Базалил ҳамма ишларни бажариб бўлди.
22 Дан қабиласидан бўлган Охисамах ўғли Охолиёв унинг ёнида бўлди. У ҳунарманд бўлиб, ижод қилар, буюмлар ясай оларди, кўк, сафсар, қирмизи иплардан фойдаланиб, майин зиғир матосига нақш солишни биларди.
23 Мусонинг ихтиёридаги руҳоний Ҳоруннинг ўғли Итамар назорати остида Леви қабиласи сарф қилинган олтин, кумуш ва бронзанинг ҳисобини олиб борган эди. Муқаддас аҳд чодирини ясашда ишлатилган олтин, кумуш ва бронза ҳисоби қуйидагича эди:
24 Чодир ясалишига сарф қилинган олтиннинг жами 62,5 пуд эди. Халқ Эгамизга назр қилган олтиннинг ҳисоби шунча эди.
25 Санаб чиқилган халқдан йиғилган кумушнинг жами ҳисоблаб чиқилганда, 214 пуд бўлди.
26 Бу миқдор ҳисоблаб чиқилган йигирма ва ундан юқори ёшдаги 603.550 одамнинг ҳар бирига 1,25 мисқолдан тўғри келарди.
27 213 пуд кумуш эритилиб, Чодирнинг ромлари ва ички пардани ушлаб турадиган устунлар учун 100 та таглик қилишга ишлатилди, ҳар бир таглик учун 2 пуддан ортиқ кумуш сарф қилинди.
28 Қолган 1 пуд кумуш ҳовли атрофидаги устунлар учун илгаклар ва ҳалқалар ясашга, устунларнинг тепасини қоплашга ишлатилди.
29 Халқ Эгамизга назр қилган бронзанинг миқдори 151 пуд эди.
30 Қуйидаги ашёларни ясашда ўша бронза ишлатилди: Учрашув чодирига кираверишдаги устунлар учун тагликларни, бронза қурбонгоҳ билан унинг бронза панжарасини, унинг ҳамма буюмларини,
31 ҳовлининг атрофидаги пардаларни ушлаб турадиган устунлар учун тагликларни, ҳовлига кираверишдаги парда учун тагликларни, Муқаддас чодир билан атрофдаги пардадан қилинган тўсиқни ушлаб турадиган барча қозиқни.