Чиқиш (2-Таврот) 27 bob
1 Акас ёғочидан тўртбурчак қилиб қурбонгоҳ ясат. Қурбонгоҳнинг узунлиги беш тирсак, эни ҳам беш тирсак, бўйи уч тирсак бўлсин.
2 Қурбонгоҳнинг тўртала бурчагига ўзидан йўниб чиқарилган биттадан шох ясат. Қурбонгоҳ ва унинг шохларини бронза билан қоплат.
3 Қурбонгоҳдаги кулни тўккани қозонлар, кураклар, тоғорачалар, санчқилар, оловкураклар ясат. Ҳамма буюмларни бронзадан қилдир.
4 Қурбонгоҳга бронзадан панжара ясат. Панжаранинг тўртала бурчагига тўртта бронза ҳалқа ясат.
5 Панжарани қурбонгоҳнинг ичига — тўрт томонига ўрнатилган токчанинг остида ўрнат, ярмигача етиб борсин.
6 Яна қурбонгоҳ учун акас ёғочидан ходалар ясатиб, ходаларни бронза билан қоплат.
7 Қурбонгоҳни кўтариб юриш учун қурбонгоҳнинг иккала ёнидаги ҳалқалардан ходаларни ўтказ.
8 Қурбонгоҳнинг четларига тахта қоқтириб, ичини бўш қолдир. Қурбонгоҳни Мен сенга шу ерда — тоғда кўрсатганимдай қилиб ясаттир.
9 Сўнгра Муқаддас чодирнинг ҳовлисини ўраб турсин деб, пардадан тўсиқ қилдир: тўсиб турадиган пардаларни майин зиғир матосидан тиктир. Ҳовлининг жануб томонидаги пардадан қилинган тўсиқнинг узунлиги юз тирсак бўлсин.
10 Ўша тўсиқда бронзадан қилинган йигирмата тагликка ўрнатилган йигирмата устун бўлсин. Шу ердаги пардаларни осиш учун устунларга кумушдан қилинган илгаклар ва ҳалқаларни маҳкамлат.
11 Ҳовлининг шимол томонидаги пардадан қилинган тўсиқнинг узунлиги ҳам юз тирсакни ташкил қилсин, унинг йигирмата устуни ва бронзадан қилинган тагликлари ҳам бўлсин. Пардаларини осиш учун устунларига кумушдан қилинган илгаклар ва ҳалқаларни маҳкамлат.
12 Ҳовлининг ғарб томонидаги пардадан қилинган тўсиқнинг узунлиги эллик тирсак, унинг ўнта устуни ва таглиги бўлсин.
13 Ҳовлининг шарқ томони эллик тирсак кенгликда бўлсин.
14 Ҳовлига кириш жойи шу ер бўлади.
15 Киришнинг ўнг ва чап томонидаги пардадан қилинган тўсиқларнинг узунлиги ўн беш тирсакдан бўлсин, ҳар икки томонга учтадан устун ва тагликлар ўрнатилсин.
16 Ҳовлига кириш жойига узунлиги йигирма тирсак бўлган парда қилдир. Уни майин зиғир матосидан тиктир, устига кўк, сафсар ва қирмизи иплардан нафис нақш солдир. Бу пардани тўртта тагликка ўрнатилган тўртта устун ушлаб туради.
17 Ҳовлининг атрофидаги ҳамма устунларнинг кумушдан қилинган илгаклари ва ҳалқалари, бронзадан қилинган тагликлари бўлсин.
18 Ҳовлининг узунлиги юз тирсак, эни эллик тирсак* бўлсин. Тўсиб турадиган пардалар майин зиғир матосидан тиктирилиб, бўйи беш тирсак бўлсин. Тагликлар бронзадан бўлсин.
19 Муқаддас чодирнинг бошқа барча зарур ашёлари ҳам, Чодирни ва пардадан қилинган тўсиқни ушлаб турадиган қозиқлар ҳам бронзадан ясалсин.
20 Сен Исроил халқига буйруқ бер: чироқпоядаги мойчироқлар учун тоза зайтун мойини улар сенга олиб келиб туришсин, токи мойчироқлар ҳар доим тун бўйи ёниб турсин.
21 Чироқпоя Учрашув чодирига, Аҳд сандиғини тўсиб турган ички парда олдига ўрнатилган бўлсин. Ҳорун ва унинг ўғиллари, ҳар куни оқшомдан эрталабгача Эгамизнинг ҳузурида мойчироқлар ёниб турсин деб, мойчироқлардан хабар олиб туришсин. Бу қонун–қоидага Исроил халқи авлодлар оша доимо амал қилсин.