Чиқиш Китоб (катта шрифтли нусхаси) .PDF
Чиқиш (2-Таврот) 1 bob
1 Исроил ўғилларининг исмлари қуйидагичадир
2 : Рубен, Шимўн, Леви, Яҳудо, Иссахор, Забулун, Бенямин, Дан, Нафтали, Гад, Ошер.
3 Улар отаси Ёқуб билан бирга ўз оилаларини олиб,
4 Мисрга кетган эдилар.
5 Ўшанда Ёқубнинг авлоди ҳаммаси бўлиб етмиш кишидан иборат эди. Унинг ўғли Юсуф бу пайтда Мисрда яшарди.
6 Вақти–соати етиб, Юсуф, унинг ака–укалари ва ўша авлоднинг ҳаммаси оламдан ўтиб кетди.
7 Исроил насли эса баракали бўлиб, борган сари кўпайиб бораверди. Миср юрти улар билан тўлиб–тошди.
8 Ўша пайтда Миср тахтига янги фиръавн ўтирди. У Юсуф тўғрисида ҳеч нарса билмасди.
9 У ўз халқига шундай деди: — Қаранглар, Исроил халқи бизга қараганда кўпайиб, кучайиб кетди.
10 Қани, бир йўлини топиб, уларни кўпайиб кетишдан тўхтатайлик. Бўлмаса, уруш бўлиб қолганда, улар душманларимизга қўшилиб, бизга қарши уруш қиладилар. Кейин юртимиздан қочиб кетадилар.
11 Шундай қилиб, Мисрликлар назоратчилар тайинлаб, Исроил халқини оғир ишларга мажбур қилдилар, тинка–мадорини қуритдилар. Исроил халқи фиръавн учун Питом ва Рамзес деган омбор шаҳарларни қуриб берди.
12 Лекин Мисрликлар Исроил халқига қанчалик зулм ўтказсалар ҳам, Исроил халқи яна ҳам кўпайиб юрт бўйлаб ёйилиб борарди. Мисрликлар бу аҳволдан қўрқувга тушиб қолдилар.
13 Улар Исроил халқини аёвсиз, зўрлик билан қул қилиб, ҳар турли дала ишларига, лойдан ғишт қуйишга мажбурладилар.
14 Мисрликлар уларга шафқат қилмадилар.
15 Шифро ва Пуво деган иброний доялар бор эди. Миср фиръавни уларга шундай фармон берди:
16 — Иброний аёллар кўзи ёриётган пайтда доялик қилаётганингизда, яхшилаб эътибор беринг: чақалоқ ўғил бўлса, ўлдиринглар, қиз бўлса, яшайверсин.
17 Иккала доя Худодан қўрқарди. Шунинг учун Миср фиръавнининг фармонига итоат этмасдан, ўғил болаларни ўлдирмадилар.
18 Миср фиръавни дояларни чақириб сўради: — Нимага бунақа қиляпсизлар? Нимага ўғил болаларни тирик қолдиряпсизлар?
19 — Иброний аёллар Мисрлик аёлларга ўхшамайдилар, — деб жавоб беришди доялар. — Улар жуда бақувват, шунинг учун биз бормасимиздан олдин туғиб қўйяптилар.
20 Шунинг учун Худо дояларга марҳамат қилди. Исроил халқи кўпайиб, яна ҳам кучаяверди.
21 Доялар Худодан қўрққанлари учун, Худо уларни оилали қилди.
22 Шундан кейин фиръавн ўз халқига: “Ибронийларда туғилган ҳар бир ўғил бола Нил дарёсига улоқтирилсин, қиз болалар эса яшайверсин”, деб фармон берди.