Чиқиш (2-Таврот) 35 bob
1 Сўнгра Мусо Исроил халқининг бутун жамоасини тўплаб, уларга гапирди: — Сизларга Эгамизнинг амри шундай:
2 “Ҳамма ишларингизни бажаришингиз учун олти кун бор. Еттинчи кун эса Эгамизга атаб ажратилган Шаббат кунидир. Бу кунда ҳамма ишларингиздан тининглар. Кимки Шаббат куни ишласа, ўша одамнинг жазоси ўлимдир.
3 Шаббат куни биронта масканингизда ҳам олов ёқманглар.”
4 Кейин Мусо Исроил халқининг бутун жамоасига айтди: — Эгамиз сизларга қуйидагиларни амр этди:
5 Мен, Эгангизга чин кўнгилдан назр қилмоқчи бўлган одам ўз назрини олиб келсин. Халқ Менга қуйидагиларни назр қилсин: олтин, кумуш, бронза,
6 шунингдек, кўк, сафсар ва қирмизи рангли иплар, майин зиғир матоси, эчки жуни,
7 қизилга бўялган қўчқор териси, юмшоқ тери, акас ёғочи,
8 мойчироқлар учун зайтун мойи, муқаддас қиладиган мой* учун зираворлар, хушбўй тутатқи учун зираворлар,
9 эфод ва кўкракпечга тақиладиган ақиқ ҳамда бошқа қимматбаҳо тошлар.
10 Ораларингиздан моҳир усталар келиб, Мен, Эгангиз, амр қилган Муқаддас чодирни ясашсин. Чодир қуйидаги ашёлардан иборат бўлсин:
11 Чодирнинг ички қавати, унинг ёпинчиқлари, илгаклари, ромлари, тамбалари, устунлари ва тагликлари,
12 Сандиқ, унинг ходалари, қопқоғи ва Сандиқни тўсиб турадиган ички парда,
13 хонтахта, унинг ходалари, ҳамма буюмлари ва унга қўйиладиган муқаддас нонлар,
14 ёруғ бўлиши учун чироқпоя, унинг буюмлари, мойчироқлари ва мойчироқлар учун зайтун мойи,
15 тутатқи қурбонгоҳи ва унинг ходалари, муқаддас қиладиган мой ва хушбўй тутатқи, Муқаддас чодирга кираверишдаги парда,
16 қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳ, унинг бронза панжараси, ходалари ва ҳамма буюмлари, қўлювгич ва унинг таглиги,
17 ҳовлини тўсиб турадиган пардалар, пардаларни ушлаб турадиган устунлар, устунларнинг тагликлари ва ҳовлига кираверишдаги парда,
18 Муқаддас чодир билан ҳовли учун қозиқлар ва арқонлар,
19 Руҳоний Ҳорун ва унинг ўғиллари Муқаддас хонада хизмат қилганда киядиган, ажойиб қилиб тикилган муқаддас либослар.”
20 Шундай қилиб, Исроил халқининг бутун жамоаси Мусонинг ёнидан қайтиб кетди.
21 Юраги завққа тўлган ҳар бир одам бориб, Учрашув чодирини ва Чодирда доимий хизматларда фойдаланиладиган ашёларни қилиш учун, муқаддас руҳонийлик либосларини тикиш учун Эгамизга назрлар олиб келишди.
22 Шундай қилиб, юраги завқ–шавққа тўлган барча эркагу аёллар турли хил олтин тақинчоқларни — жиға, сирға, узук, маржонларни олиб келишди. Буларни Эгамизга бағишлаганларини кўрсатиш учун улар олтин тақинчоқларини юқорига кўтардилар.
23 Кимда кўк, сафсар ва қирмизи ип, майин зиғир матоси, эчки жуни, қизилга бўялган қўчқор териси, юмшоқ тери бўлса, олиб келди.
24 Ким кумуш ёки бронзани Эгамизга назр қилишга қодир бўлса, уни олиб келиб, Эгамизга назр қилди. Кимда акас ёғочи бўлса, Чодирни ва унинг ашёларини тайёрлашда фойдалангани олиб келди.
25 Ип йигиришга моҳир аёллар ўз қўллари билан йигирган кўк, сафсар ва қирмизи ипни ҳамда майин зиғирдан йигирилган ипни назр қилиб олиб келишди.
26 Эчки жунидан ип йигиришга моҳир аёллар юраги завққа тўлиб, эчки жунидан ип йигириб олиб келдилар.
27 Оқсоқоллар эфод ва кўкракпечга тақиш учун ақиқ ва бошқа қимматбаҳо тошлар,
28 шунингдек, мойчироқлар, муқаддас қиладиган мой учун зираворлар, хушбўй тутатқи учун зираворлар ва зайтун мойи олиб келишди.
29 Юраги завқ–шавққа тўлган Исроил халқининг эркагу аёллари Мусо орқали Эгамиз амр этган ҳамма ишни бажаргани Эгамизга кўнгилдан чиқариб назрлар олиб келишди.
30 Кейин Мусо Исроил халқига айтди: “Ана, Эгамиз Яҳудо қабиласидан Урининг ўғли, Хурнинг набираси Базалилни танлади.
31 Эгамиз уни Ўз Руҳи билан тўлдириб, ҳунармандчиликнинг ҳамма тури бўйича моҳир ва идрокли қилди, қобилият ато этди.
32 У ажойиб бадиий безаклар қилишга ва буларга олтин, кумуш ва бронза билан ишлов беришга,
33 қимматбаҳо тошларни ўйишга, уларга ишлов бериб жиҳозлашга, ёғоч ўймакорлигига, бадиий ҳунармандчиликка лаёқатли қилди.
34 Эгамиз Базалилга ва Дан қабиласидан Охисамахнинг ўғли Охолиёвга ўз маҳоратини бошқаларга ўргатиш иқтидорини ато қилди.
35 Бу одамлар ҳар қандай ишни бажара олсин деб, Эгамиз уларга маҳорат ато қилди. Улар ҳар қандай ашёдан ҳар турли буюмлар қилишга қодирдир. Улар ижод қилиб, буюмлар ясай оладилар, тўқишни биладилар, кўк, сафсар, қирмизи иплардан фойдаланиб, майин зиғир матосига нақш солишни биладилар. Улар ҳар турли ишларни бажаришга моҳир ҳунарманддирлар.