Ибтидо (1-Таврот) 23 bob
1 Сора 127 ёшида,
2 Канъон юртидаги Хират–Арбада вафот этди. (Хират–Арба ҳозир Хеврон деб юритилади.) Иброҳим Сорага аза тутиб, йиғлади.
3 У Соранинг жасадини қолдириб, Хет халқидан бўлган оқсоқоллар олдига борди ва уларга деди:
4 — Мен сизларнинг орангизда яшаётган бир мусофирман. Илтимос, менга ерингиздан озгина жойини сотинглар, токи марҳумамни дафн қилай.
5 Хет халқидан бўлган оқсоқоллар Иброҳимга шундай жавоб беришди:
6 — Гапимизга қулоқ солинг, тўрам! Биз сизни улуғ бек деб ҳисоблаймиз. Хотинингизни дафн қилишингиз учун жойларимиздан энг яхшисини танлаб олинг. Марҳумангизни дафн қилишингиз учун бирортамиз сиздан мақбара учун ер аямаймиз.
7 Иброҳим уларга эгилиб таъзим қилди.
8 Кейин деди: — Марҳумамни дафн қилишимга рози экансизлар, энди менинг гапимга қулоқ солинглар, Зўхар ўғли Эфрўнга менинг илтимосимни етказинглар.
9 У ўзининг Махпаладаги даласининг четида жойлашган ғорни менга сотсин. Мен ғорнинг тўлиқ нархини тўлайман, токи сизларнинг гувоҳлигингизда ғор менинг хонадоним учун мақбара бўлсин.
10 Эфрўн шу пайтда шаҳар дарвозасида йиғилган ўз халқи орасида ўтирган эди. У жамики Хет халқига эшиттириб, Иброҳимга шундай жавоб берди:
11 — Тўрам, энди менинг гапимни эшитсинлар. Мен даламни, даламдаги ғорни ҳам сизга инъом қиламан. Халқимнинг гувоҳлигида буларни сизга бераман. Марҳумангизни дафн қилаверинг.
12 Иброҳим юрт халқига яна таъзим қилди.
13 У юрт халқига эшиттириб, Эфрўнга шундай жавоб берди: — Раҳмат, лекин мен бутун далангиз учун кумуш тўлаб, сотиб олай, токи марҳумамни у ерга олиб бориб, дафн қилай. Илтимос, менинг таклифимни рад этманг.
14 — Э тўрам, — деди Эфрўн Иброҳимга, — тўрт юз бўлак кумуш турадиган бир парча ер бизнинг орамизда нима бўпти?!
15 Марҳумангизни дафн қилаверинг.
16 Иброҳим рози бўлиб, Эфрўн ҳаммага эшиттириб айтган тўрт юз бўлак кумушни унга тортиб берди. Бу ўлчов савдогарлар орасида муомалада эди.
17 Шундай қилиб, Эфрўннинг Мамре шарқида жойлашган Махпаладаги мулки Иброҳимга ўтди. Мулк далани, даладаги ғорни ва даланинг четидаги ҳамма дарахтларни ўз ичига олар эди.
18 улар шаҳар дарвозасида йиғилган Хет халқининг гувоҳлигида Иброҳимнинг доимий мулки бўлиб қолди.
19 Шундан кейин Иброҳим Канъон юртида Мамре шарқидаги Махпала даласининг четида жойлашган ғорга хотини Сорани дафн қилди. (Мамре Хевронда жойлашган.)
20 Шундай қилиб, Хет халқига қарашли бўлган дала ва у ердаги ғор мақбара сифатида Иброҳимнинг доимий мулки бўлиб қолди.