Ибтидо (1-Таврот) 48 bob
1 Бир куни Юсуфга: “Отангиз касал” деган хабар етиб келди. Юсуф иккала ўғлини — Манаше билан Эфрайимни ёнига олиб, отасининг ҳузурига борди.
2 Ёқуб Юсуфнинг келганини эшитгач, кучини йиғиб, тўшагига ўтирди.
3 Ёқуб Юсуфга деди: — Қодир Худо Канъон юртидаги Луз шаҳрида менга зоҳир бўлган ва марҳамат кўрсатиб,
4 шундай деган эди: “Мен сени баракали қилиб, наслингни кўпайтираман. Мен сендан кўп халқларни яратаман. Бу ерни сендан кейин наслингга абадий мулк қилиб бераман.”
5 Мен Мисрга келмасимдан аввал Эфрайим билан Манаше бу ерда туғилган эдилар. Шу иккала ўғлинг энди менинг ўғилларимдир. Рубен ва Шимўн менга қандай ўғил бўлса, сенинг иккала ўғлинг ҳам менинг ўғилларим бўлади.
6 Эфрайим билан Манашедан кейин туғиладиган ўғилларинг эса ўзингники бўлади. Туғиладиган ўғилларингга Эфрайим ва Манашега қарашли ерлардан мерос берилсин.
7 Буни шу сабабдан қиляпманки, мен Паддондан* қайтиб келаётганимда, афсуски, онанг Роҳила Канъон юртида — Эфратга етиб бормасдан йўлда оламдан ўтган эди. Мен уни ўша ерда — Эфратга борадиган йўл бўйида дафн қилганман. (Эфрат ҳозир Байтлаҳм деб юритилади.)
8 Бу пайтга келиб Ёқубнинг* кўзлари кексаликдан хиралашган, яхши кўрмас эди.
9 Ёқуб Юсуфнинг ўғилларини кўрганда, “Булар кимлар?” деб сўради.
10 — Булар Худо шу ерда менга берган ўғилларим, — деб жавоб берди Юсуф. — Менга яқинроқ олиб келгин уларни, дуо қилайин. Юсуф ўғилларини отасига яқинроқ олиб борди. Ёқуб болаларни бағрига босиб, ўпди.
11 Ёқуб Юсуфга деди: — Мен сени ҳеч қачон кўрмайман, деб ўйлаган эдим. Аммо Худо сенинг болаларингни ҳам кўришни насиб этди.
12 Юсуф болаларни отасининг тиззасидан олди ва отасига мук тушиб таъзим қилди.
13 Юсуф ўнг қўли билан Эфрайимни ушлаб, Ёқубнинг чап томонига, чап қўли билан Манашени ушлаб, Ёқубнинг ўнг томонига яқинроқ олиб келди.
14 Лекин Ёқуб қўлларини чалиштирди–ю, ўнг қўлини кенжа ўғил Эфрайимнинг бошига, чап қўлини тўнғич ўғил Манашенинг бошига қўйди
15 Сўнгра Юсуфни дуо қилди: “Ота–боболарим Иброҳим ва Исҳоққа йўл кўрсатган Худо, Умрим бўйи менинг чўпоним бўлган Худо,
16 Барча офатлардан мени сақлаган фаришта Бу болаларга ҳам марҳамат кўрсатсин. Менинг номим, бобом Иброҳим, отам Исҳоқнинг номи Шу болалар орқали яшасин, ер юзида улар лак–лак кўпайсин.”
17 Лекин отаси ўнг қўлини Эфрайимнинг бошига қўйгани Юсуфга ёқмади. Шунинг учун отасининг ўнг қўлини Эфрайимнинг бошидан Манашенинг бошига олиб қўймоқчи бўлди.
18 — Бундай эмас, ота, — деди Юсуф, — буниси тўнғичи, ўнг қўлингизни унинг бошига қўйинг.
19 Лекин отаси рози бўлмади: — Биламан, ўғлим, биламан. Манашенинг насли ҳам буюк халқ бўлади. Лекин Эфрайимнинг авлоди, Манашеникига қараганда, янада буюк бўлиб, Эфрайимнинг авлодидан кўп халқлар келиб чиқади.
20 Ёқуб ўша куни Эфрайим билан Манашени шундай деб дуо қилди: “Исроил халқи сизларнинг номингизни айтар бир–бирини дуо қилганда, Эфрайим ва Манашедай қилсин сени Худо, деб айтганларида.” Шундай қилиб, Ёқуб Эфрайимни Манашедан юқори қўйди.
21 Шундан кейин Ёқуб Юсуфга деди: — Менинг умрим охирлаб боряпти. Лекин Худо сизлар билан бирга бўлади, сизларни ота–боболарингизнинг ерига яна қайтариб олиб боради.
22 Шакамни эса акаларингга эмас, сенга беряпман. Бу ҳосилдор ерларни мен қиличу камоним билан Амор халқларидан тортиб олганман.