Ибтидо (1-Таврот) 2 bob
1 Шундай қилиб, осмон билан ер ҳамда улардаги жамики нарсалар яратилди.
2 Еттинчи куни Худо барча яратиш ишларини битириб, дам олди.
3 Худо еттинчи куни ҳамма ишларидан дам олгани учун бу кунни муборак қилди, уни муқаддас деб бошқа кунлардан ажратди.
4 Осмон билан ернинг яратилиши ана шулардан иборатдир. Парвардигор Эгамиз осмон билан ерни яратган пайтда.
5 ер юзида на бирон ўт, на бирон гиёҳ унган эди. Чунки Парвардигор Эгамиз ҳали ерга ёмғир ёғдирмаган, ерга ишлов берадиган бирон кимса яратмаган эди.
6 Лекин ер остидан сув чиқиб, бутун ер юзини суғорарди.
7 Шундан кейин Парвардигор Эгамиз ернинг тупроғидан одамни* ясади ва унинг бурун тешигидан пуфлаб, жон ато этди. Шундай қилиб, одам тирик жон бўлди.
8 Парвардигор Эгамиз шарқда — Адан деган жойда боғ барпо қилиб, Ўзи яратган одамни ўша боққа қўйди.
9 Кейин Парвардигор Эгамиз ердан чиройли, лаззатли мева берадиган ҳар хил дарахтларни ўстирди. Боғнинг ўртасида эса ҳаёт дарахтини ва яхшилик билан ёмонликни билиш дарахтини ўстирди.
10 Адандан бир дарё оқиб келиб, боғни суғоради ва ўша ерда тўрт ирмоққа бўлинади.
11 Биринчи ирмоқнинг номи Пишон бўлиб, бутун Хавила ери бўйлаб оқади. Бу жойда олтин бор.
12 Ўша ернинг олтини жуда ҳам тозадир. У ерда марварид ва ақиқ тошлар ҳам бор.
13 Иккинчи ирмоқнинг номи Гихўн бўлиб, бутун Куш ери бўйлаб оқади.
14 Учинчи ирмоқнинг номи Дажла бўлиб, Оссурия шаҳрининг шарқидан оқиб ўтади. Тўртинчи ирмоқнинг номи Фуротдир.
15 Шундай қилиб, Парвардигор Эгамиз, бу одам боққа ишлов берсин, парвариш қилсин деб, уни Адан боғига жойлаштирди.
16 Парвардигор Эгамиз унга шундай амр қилди: “Сен боғдаги ҳамма дарахтнинг мевасидан бемалол еявер.
17 Лекин яхшилик ва ёмонликни билиш дарахтининг мевасидан емайсан, ундан ейишинг биланоқ, шубҳасиз, ўласан.”
18 ўнгра Парвардигор Эгамиз: “Одамнинг ёлғиз бўлиши яхши эмас, унга муносиб шерик яратаман”, деди.
19 Шундай қилиб, У тупроқдан ҳар хил ҳайвонларни ва ҳар хил қушларни яратди. “Бу жониворларни одам кўриб қанақа ном бераркин”, дея уларни одамнинг олдига олиб келди. Одам ҳар бир жонивор учун ном танлади.
20 Одам ҳамма чорвага, қушларга ва ёввойи ҳайвонларга ном берди. Лекин ҳамон одамга муносиб шерик йўқ эди.
21 Шу боисдан Парвардигор Эгамиз уни қаттиқ ухлатиб қўйди. Одам ухлаб ётганда, Худо унинг қовурғасидан биттасини олиб, ўрнини беркитиб қўйди.
22 Парвардигор Эгамиз одамнинг қовурғасидан хотин кишини яратди ва уни одамнинг олдига олиб келди.
23 Шунда одам айтди: “Ниҳоят, бу менинг суякларимдан пайдо бўлган суякдир, Менинг этимдан яралган этдир. У Хотин деб аталгай, Чунки у эркакдан яратилгандир.”
24 Шунинг учун эркак киши ота–онасидан бўлак бўлиб, хотинига боғланиб қолади, иккаласи бир тан бўладилар.
25 Одам билан хотини қип–яланғоч юрардилар, бир–бирларидан уялиш ҳиссини сезмасдилар.