Ибтидо (1-Таврот) 25 bob
1 Иброҳим бошқа аёлга уйланди. У аёлнинг исми Хатуро эди.
2 У Иброҳимга бир неча ўғил туғиб берди. Ўғилларнинг исми Зимрон, Ёхшон, Мидон, Мидиён, Йишбоқ ва Шувах эди.
3 Ёхшоннинг Шава ва Дедон деган ўғиллари бор эди. Дедоннинг насли Ашур, Латуш ва Лум халқлари эди.
4 Мидиённинг ўғиллари Эфах, Ифар, Ханўх, Авидо ва Элдах эдилар. Хатуродан бино бўлган ўғиллари мана шулар эдилар.
5 Иброҳим бутун мол–мулкини ўғли Исҳоққа берди.
6 Иброҳим ҳаёт экан, чўрилари туғиб берган ўғилларига ҳадялар берди ва ўша ўғилларини Исҳоқнинг олдидан нарига — шарқ томондаги юртга жўнатди.
7 Иброҳим 175 йил яшаб,
8 нуроний ёшда, кексайиб, оламдан ўтди.
9 Ўғиллари Исҳоқ билан Исмоил уни Мамре шарқидаги Махпала даласининг четида жойлашган ғорга дафн қилдилар. Бу дала илгари Хет халқидан бўлган Зўхар ўғли Эфрўнники эди.
10 Бу далани Иброҳим Хет халқидан сотиб олган эди. Иброҳим бу ғорда хотини Соранинг ёнига дафн қилинди
11 Иброҳим вафот этгандан кейин, Худо унинг ўғли Исҳоққа барака берди. Исҳоқ Бэр–Лахай–Руй қудуғи ёнида истиқомат қиларди.
12 Соранинг Мисрлик чўриси Ҳожар Иброҳимга туғиб берган Исмоилнинг насл–насаби тарихи қуйидагичадир:
13 Туғилиш тартибига кўра, Исмоил ўғилларининг исмлари қуйидагича: тўнғич ўғли — Наваёт, кейингилари Кедар, Адбал, Мивсом,
14 Мишмо, Думах, Массо,
15 Ҳадад, Темо, Ятур, Нофиш ва Кедемах.
16 Исмоилнинг бу ўн икки ўғли ўн икки қабиланинг йўлбошчиси бўлдилар. Ўша қабилалар чодир қуриб жойлашган ерларга уларнинг исмлари берилди.
17 Исмоил 137 ёшида оламдан ўтди.
18 Исмоилнинг насли Оссурияга кетаверишда — Мисрнинг шарқидаги Хавила билан Шур орасида ўрнашди. Улар қариндошларига душман бўлиб яшардилар.
19 Иброҳим ўғли Исҳоқнинг хонадони тарихи қуйидагичадир: Иброҳим Исҳоқнинг отаси эди.
20 Исҳоқ Ривқога уйланганда қирқ ёшда эди. Ривқо Батувалнинг қизи, Лобоннинг синглиси эди. Батувал Орамлик бўлиб, Паддон–Орамдан эди.
21 Ривқонинг боласи бўлмади. Исҳоқ хотини учун Эгамизга илтижо қилди. Эгамиз унинг илтижоларини эшитди. Ривқо ҳомиладор бўлди.
22 Ривқонинг қорнидаги болалари бир–бири билан уришардилар. Ривқо: “Агар шунақа бўлса, ҳомиладор бўлишимнинг нима фойдаси бор?!” деб бу ҳақда Эгамиздан сўради.
23 Эгамиз Ривқога шундай деди: “Сенинг қорнингда икки халқ бор, Сендан туғилганлар икки халққа бўлинар. Бири иккинчисидан кучли чиқажак, Каттаси кичигига хизмат қилажак.”
24 Ривқонинг ой–куни яқинлашиб, эгизак туғди.
25 Тўнғичи туғилганда, қип–қизил экан. Унинг танаси жун матога ўхшарди. Шунинг учун унинг исмини Эсов қўйдилар.
26 Укаси эса Эсовнинг товонини ушлаб туғилди, шунинг учун унинг исмини Ёқуб қўйдилар. Эгизаклар туғилганда, Исҳоқ олтмиш ёшда эди.
27 Болалар улғайдилар. Эсов — дала–даштни яхши кўрадиган моҳир овчи, Ёқуб эса уйда ўтиришни ёқтирадиган, беозор одам бўлди.
28 Эсов овлаб келган ҳайвонларнинг гўштини Исҳоқ тановул қилиб, лаззат олар, шунинг учун у Эсовни яхши кўрарди. Ривқо эса Ёқубни яхши кўрарди.
29 Бир куни Ёқуб ясмиқ шавла пишираётган эди, Эсов даладан очқаб, сулайиб келиб қолди.
30 Эсов Ёқубга: — Менга ана шу қизил овқатингдан бергин, ўлгудай қорним очди, — деди. (Шунинг учун у Эдом деган исм ҳам олган.)
31 — Бўпти, — деди Ёқуб, — лекин бунинг эвазига менга тўнғичлик ҳуқуқингни сот.
32 — Э, тўнғичлик ҳуқуқимдан менга нима фойда, қорним очганидан ўлай деб турибман, — деди Эсов.
33 — Олдин менга қасам ич, — деди Ёқуб. Эсов Ёқубга қасам ичди. Шундай қилиб, у тўнғичлик ҳуқуқини Ёқубга сотди.
34 Шундан кейин Ёқуб Эсовга нон билан ясмиқ шавла берди. Эсов еб–ичиб, ўрнидан турди–да, ўз ишлари билан чиқиб кетди. Шундай қилиб, Эсов ўзининг тўнғичлик ҳуқуқини менсимади.