Ибтидо (1-Таврот) 4 bob
1 Одам Ато хотини Момо Ҳавога яқинлашгандан кейин, Момо Ҳаво ҳомиладор бўлди. Момо Ҳаво ўғил кўрди ва: “Худонинг қудрати билан ўғилли бўлдим”, деб исмини Қобил қўйди.
2 Кейинроқ Момо Ҳаво иккинчи ўғлини туғди ва унга Ҳобил деб исм қўйди. Болалар улғайиб, Ҳобил — қўйчивон, Қобил — деҳқон бўлди.
3 Вақти келиб, Қобил ернинг ҳосилидан Эгамизга назр олиб келди.
4 Ҳобил ҳам сурувидаги биринчи туғилган қўзилардан биттасини танлаб олиб, сўйди ва қўзининг ёғли жойларини Эгамизга назр қилиб олиб келди. Эгамиз Ҳобилни ва унинг назрини манзур кўрди,
5 лекин Қобилнинг ўзи ҳам, унинг назри ҳам маъқул бўлмади. Қобил қаттиқ хафа бўлиб, қовоғини солди.
6 Шунда Эгамиз Қобилга деди: “Нега хафа бўлдинг? Нимага қовоғингни солдинг?
7 Агар сен тўғри иш қилсанг, сени қабул қилмасмидим?!* Билгинки, ёмон иш қилсанг, эшигингда гуноҳ пойлаб туради, шерга ўхшаб ташланиб, сени ўлжа қилмоқчи бўлади. Гуноҳ сенинг устингдан ҳукмрон бўлишни истайди. Лекин сен гуноҳни мағлуб қилишинг керак.”
8 Қобил укаси Ҳобилга: “Юр, далага борамиз”, деб таклиф қилди. Улар далага борганларида, Қобил укасига ташланиб, уни ўлдирди.
9 Эгамиз Қобилдан: — Уканг Ҳобил қаерда? — деб сўради. — Билмайман, нима, укам қаерга борса, мен унинг қадамини ўлчаб юришим керакми?! — деб эътироз билдирди.
10 Шунда Эгамиз: — Нима қилиб қўйдинг?! — деди. — Эшитиб ол: укангнинг қони Менга ердан фарёд қилмоқда.
11 Укангнинг қони билан ерни булғаганинг учун энди лаънати бўласан, ерга ҳеч қачон ишлов беролмайсан.
12 Ерга қанчалик жон куйдириб ишлов бермагин, ер сен учун бошқа мўл ҳосил етиштирмас. Ҳозирдан бошлаб сен ер юзида доимо бир жойдан бошқа жойга қочиб, бошпанасиз, дайдиб юрасан
13 Қобил Эгамизга: — Жазойим шунчалик оғирки, бир ўзим кўтара олмайман, — деб жавоб берди.
14 — Бугун Сен мени еримдан ҳайдадинг. Энди мен Сендан узоқ бўлиб яшайман, ер юзида сарсон–саргардон бўлиб, қочиб юраман. Энди мени бирортаси учратиб қолиб, ўлдириб қўйиши мумкин.
15 Шунда Эгамиз: — Йўқ, ҳеч ким сени ўлдирмайди! — деб жавоб берди Қобилга. — Ким сени ўлдирса, ундан етти карра ўч оламан. Шундай қилиб, Эгамиз, Қобилни биров уриб ўлдириб қўймасин деб, унга тамға қўйди.
16 Сўнгра Қобил Эгамиздан узоқлашиб кетди ва Аданнинг шарқидаги Нод* деган ерга ўрнашди.
17 Қобилнинг хотини ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди. Ўғлига Ханўх деб исм қўйдилар. Қобил бир шаҳар қурди ва шаҳарни ўғлининг исми билан Ханўх деб атади.
18 Ханўх бир ўғил кўриб, исмини Ирод қўйди. Ироддан — Махувол, Махуволдан — Матушол, Матушолдан — Ламех деган ўғиллар туғилди.
19 Ламех икки хотин олди. Биттасининг исми Оида, бошқасиники Зилла эди.
20 Оида бир ўғил кўриб, исмини Ёбол қўйди. Ёбол чодирларда яшайдиган чўпонларнинг ота–бобоси бўлди.
21 Укасининг исми Ювал эди. Ювал лира ва най чалувчи созандаларнинг ота–бобоси бўлди.
22 Зилла ҳам бир ўғил кўриб, исмини Тувалқобил қўйди. Тувалқобил биринчи бўлиб бронза ва темир асбоблар ясаган эди. Тувалқобилнинг Намах деган синглиси бор эди.
23 Ламех хотинларига деди: “Оида ва Зилла, менга қулоқ солинглар. Эй хотинларим! Гапимни эшитинглар! Мени яралаган одамни мен ўлдирдим, Мени урган ёш йигитни нобуд қилдим.
24 Қобилни ўлдиргандан етти карра ўч олинса, Ламехни ўлдиргандан етмиш етти карра ўч олинар.”
25 Одам Ато билан хотини яна бир ўғил кўрдилар. Момо Ҳаво: “Қобил ўлдирган Ҳобилнинг ўрнига Худо бошқа фарзанд берди”, деб исмини Шис* қўйди.
26 Шис улғайиб, у ҳам бир ўғил кўрди ва исмини Энўш қўйди. Ўша пайтда одамлар энди Эгамизга сажда қила бошлаган эдилар.