Ибтидо (1-Таврот) 15 bob
1 Шундан кейин Эгамиз Ибромга* шу сўзларни ваҳийда аён қилди: — Қўрқма, Ибром, Мен сенга қалқон бўламан, сенга берадиган мукофотим буюк бўлади.
2 — Эй Эгам Раббий! Сен менга нима ҳам берар эдинг?! Мен ҳамон бефарзандман, бутун мол–мулким Дамашқлик хизматкорим Элиазарга қолади.
3 Сен менга фарзанд бермадинг, шунинг учун хонадонимда туғилган қулим менинг меросхўрим бўлади–да.
4 Лекин Ибромга Эгамиз яна шу сўзларни аён қилди: — Йўқ, қулинг сенинг меросхўринг бўлмайди, ўзингнинг пушти камарингдан бўладиган ўғлинг сенинг ҳамма мол–мулкингга меросхўр бўлади.
5 Сўнгра Эгамиз Ибромни ташқарига олиб чиқиб, унга: — Осмонга қара, агар юлдузларни санай олсанг, санаб кўр, — деди. Эгамиз яна айтди: — Сенинг наслинг ҳам ўша юлдузларга ўхшаган кўп бўлади.
6 Ибром Эгамизга ишонди, Эгамиз уни ишончи учун солиҳ деб билди.
7 Сўнгра Эгамиз унга деди: — Мен сенинг Эгангман, бу юртни сенга мулк қилиб бермоқчиман, шунинг учун сени Халдейдаги Ур шаҳридан олиб чиққанман.
8 — Эй Эгам Раббий! Бу юртни мерос қилиб олишимга қандай ишонч ҳосил қиламан? — деб сўради Ибром.
9 — Менга уч ёшли ғунажин, уч ёшли эчки, уч ёшли қўчқор, каптар, мусичани олиб кел, — деди Эгамиз.
10 Эгамиз нима айтган бўлса, ҳаммасини Ибром олиб келиб, сўйди. Ҳайвонларни узунасига ўртасидан бўлиб, бўлакларни бир–бирига қаратиб қўйди. Лекин қушларни иккига бўлмади.
11 Қузғунлар гўштларни ейиш учун қўнганда, Ибром қузғунларни ҳайдади.
12 Қуёш ботаётганда, Ибромни қаттиқ уйқу босди. Уни қўрқув, ваҳима қамраб олди.
13 Шунда Эгамиз Ибромга айтди: — Шуни яхши билиб қўйки, сенинг наслинг бегона юртда мусофир бўлиб яшайди. Тўрт юз йил қул бўлиб, жабр–зулм тортади.
14 Лекин Мен сенинг наслингни қул қилган халқни жазолайман. Сенинг наслинг бегона юртдан катта бойлик билан чиқиб кетади.
15 Сен жуда ҳам кексайиб оламдан ўтиб, дафн этиласан, ота–боболаринг ёнига хотиржам кетасан.
16 Сенинг наслинг тўрт авлод ўтгандан кейин бу ерга қайтиб келади, чунки Амор халқларининг қабиҳлиги ҳали ҳаддан ошмади.
17 Қуёш ботиб, қоронғи тушгандан кейин, Ибром ичидан тутун чиқиб турган тоғорани ва ёнаётган машъалани кўрди. Ўша тоғора ва машъала бўғизланган ҳайвон бўлаклари орасидан ўтди.
18 Шундай қилиб, ўша куни Эгамиз Ибром билан аҳд қилди ва шундай деди: — Мен сенинг наслингга Мисрбўлган жойларни даги дарёдан тортиб буюк Фурот дарёсигача
19 — Хайин, Ханаз, Кадмон,
20 Хет, Париз, Рафа,
21 Амор, Канъон, Гиргош, Ёбус халқларининг ерларини бераман.