Ибтидо (1-Таврот) 14 bob
1 Ўша пайтда Шинарда Омрафил, Элазарда Ориёх, Эламда Кадўрламар ва Гўйимда Тидол ҳукмронлик қилар эдилар.
2 Улар иттифоқ тузиб, қуйидаги бешта шоҳга қарши уруш очдилар: Садўм шоҳи Берага, Ғамўра шоҳи Биршага, Адма шоҳи Шинавга, Завўйим шоҳи Шемоверга ва Белах шоҳига. (Белах ҳозир Зўвар деб юритилади.)
3 Ана шу бешта шоҳ иттифоқ тузиб, Сиддим водийсида кучларини бирлаштиргандилар. (Сиддим водийси ҳозирги Ўлик денгиздир.)
4 Бу шоҳлар ўн икки йил давомида Кадўрламарга қарам бўлиб келгандилар. Ўн учинчи йили эса унга қарши исён кўтаргандилар.
5 Исёндан бир йил ўтгандан кейин Кадўрламар ва унинг иттифоқчилари лашкарлари билан келиб, Аштарўт–Карнайимдаги Рафа халқини, Хомдаги Зуз халқини, Хиратайим текислигидаги Эйим халқини,
6 Сеир тоғларидаги Хорим халқини чўлнинг четидаги Эл–Поронгача таъқиб қилиб бориб, мағлуб қилдилар.
7 Сўнгра улар орқага қайтиб, Эн–Мишпат шаҳрига келдилар ва Омолекларнинг бутун ерларини, шунингдек, Хазазон–Тамарда яшаётган Амор халқини қўлга олдилар. (Эн–Мишпат ҳозир Кадеш деб юритилади.)
8 Садўм, Ғамўра, Адма, Завўйим ва Белах, яъни Зўвар шоҳлари ўз лашкарларини Сиддим водийсида саф торттириб, Элам шоҳи Кадўрламарнинг ва Гўйим, Шинар ва Элазар шоҳларининг лашкарларига қарши жангга тайёр қилиб қўйдилар.
9 Хуллас, тўртта шоҳ бешта шоҳга қарши отланди.
10 Водийда қора сақич тўлдирилган чуқурлар кўп эди. Садўм ва Ғамўра шоҳлари қочиб кетаётганларида, уларнинг жангчилари ўша чуқурларга йиқилиб тушдилар. Тирик қолганлари тоғларга қочиб қутулиб қолдилар.
11 Шундай қилиб, босқинчилар Садўм ва Ғамўрани талон–тарож қилиб, у ердаги ҳамма бойликларни, ғамлаб қўйилган озиқ–овқатларни олиб, ўз йўлларига кетдилар.
12 Ибромнинг жияни Лут Садўмда яшаётган эди. Босқинчилар Лутни асирга олиб, бор нарсасини ўлжа қилиб олдилар.
13 Бир одам босқинчилардан қутулиб, иброний Ибромнинг ёнига қочиб борди ва бўлган воқеани унга сўзлаб берди. Ибром бу пайтда Амор халқидан бўлган Мамре деган одамнинг эманзори* ёнида чодир тиккан эди. Мамре ва унинг Эшкўл, Онар деган укалари Ибромнинг иттифоқчилари эдилар.
14 Ибром Лутнинг асирга олинганини эшитгач, ўз хонадонидаги қурол ушлашга қодир ҳамма одамларни тўплади. Улар 318 киши эди. У Кадўрламарнинг лашкари ортидан қувиб, Дан шаҳрида уларга етиб олди
15 Ибром ўша ерда одамларини гуруҳларга бўлиб, тунда ҳар томондан уларга ҳужум қилди. Кадўрламарнинг лашкари қочди, лекин Ибром уларни Дамашқнинг шимолидаги Хўвах шаҳригача қувлаб борди.
16 Ибром билан унинг иттифоқчилари ҳамма нарсани — ўлжа олинган нарсаларни, Ибромнинг жияни Лутни ва унинг мол–мулкини, аёлларни ва бошқа асирларни қайтариб олиб келдилар.
17 Ибром Кадўрламар ва унинг иттифоқчилари устидан ғалаба қилиб қайтиб келаётганда, Садўм шоҳи уни кутиб олгани Шовей сойлигига келди. (Шовей сойлиги Шоҳ сойлиги деб ҳам аталган.)
18 Салим шоҳи Маликсидиқ ҳам Ибромни кутиб олгани чиқиб, нон ва шароб олиб келди. У Худойи Таолонинг руҳонийси ҳам эди.
19 Маликсидиқ Ибромни шундай деб дуо қилди: “Еру кўкни яратган Худойи Таоло Ибромга барака берсин.
20 Ёвларингни қўлингга берган Худойи Таолога Ҳамду санолар бўлсин.” Ибром қайтариб олиб келган ҳамма нарсанинг ўндан бирини Маликсидиққа берди.
21 Сўнгра Садўм шоҳи Бера Ибромга шундай деди: — Одамларимни ўзимга қайтариб берсанг бўлди, қайтариб олиб келган ҳамма нарсани ўзингга олавер.
22 Лекин Ибром Садўм шоҳига шундай жавоб берди: — Еру кўкни яратган Эгамиз — Худойи Таоло ҳақи қасам ичиб айтаманки,
23 мен сенинг бирорта чўпингни ёки чориғингнинг ипини ҳам олмайман. Акс ҳолда: “Ибромни мен бой қилганман”, деб айтишинг мумкин.
24 Йигитларимнинг еб–ичганидан ташқари, мен сендан ҳеч нарса олмайман. Мен билан бирга борган иттифоқчиларим Онар, Эшкўл ва Мамре эса ўзларининг улушларини олишсин.