Ибтидо (1-Таврот) 50 bob
1 Юсуф ўзини отасининг устига ташлаб, йиғлаганича, уни ўпди.
2 Юсуф қўл остидаги табибларга: “Отамнинг жасадини мумиёланглар!” деб амр берди. Табиблар Ёқубнинг жасадини мумиёлашди.
3 Улар бу иш учун қирқ кун вақт сарф қилдилар. Чунки мумиёлаш учун шунча вақт талаб қилинар эди. Мисрликлар Ёқуб учун етмиш кун аза тутишди.
4 Аза муддати тугагач, Юсуф фиръавннинг аъёнлари ҳузурига келиб, деди: — Агар мен сизларнинг илтифотингизга сазовор бўлсам, фиръавн жаноби олийларига шу гапларни етказсангизлар:
5 Отам менга қасам ичириб, оламдан ўтганимдан кейин, жасадимни Канъон юртига олиб бориб, ўзим учун мен қазиган қабрга дафн қил, деб айтган. Энди отамни дафн қилгани боришимга ижозат берсалар. Отамни дафн қилганимдан кейин қайтиб келаман.”
6 — Майли, боравер, — деб ижозат берди фиръавн, — қасамни адо қилиб, отангни дафн қилиб кел.
7 Шундай қилиб, Юсуф отасини дафн қилгани жўнади. Фиръавннинг ҳамма аъёнлари — саройидаги амалдорлар, Миср юртидаги барча амалдорлар Юсуф билан бирга кетишди.
8 Шунингдек, Юсуфнинг барча оила аъзолари, ака–укалари, отасининг қолган хонадони аҳли ҳам Юсуф билан бирга кетишди. Фақат уларнинг болалари, қўй–эчкилари, подалари Гўшен ерларида қолдирилди.
9 Ғоят катта жамоа Юсуфга ҳамроҳ бўлди. У билан бир талай аравакашлар ва жанг аравалари ҳам кетди.
10 Улар Иордан дарёси шарқидаги Отад деган хирмонга етиб келдилар. У ерда узоқ вақт оғир таъзия маросими ўтказдилар. Шундай қилиб, Юсуф отаси учун етти кун аза маросими ўтказди.
11 Канъон халқлари бу ердаги аза маросимини кўриб: “Мисрликлар қандай оғир аза маросими ўтказяптилар–а!” деб айтдилар. Шунинг учун бу жойга Овил–Мисрайим деб ном қўйдилар.
12 Шундай қилиб, Ёқуб ўғилларига қандай васият қилган бўлса, ўғиллари оталарининг васиятини тўла–тўкис бажардилар.
13 Улар оталарининг жасадини Канъон юртига олиб келиб, Махпаладаги далада жойлашган ғорга дафн қилдилар*. Иброҳим ўз оиласига қабристон учун Хет халқидан бўлган Эфрўндан сотиб олган Мамре шарқидаги ғор шудир.
14 Юсуф отасини дафн қилгандан кейин, ака–укаларини, отасини дафн қилгани бирга келган ҳамроҳларини эргаштириб Мисрга қайтди.
15 Оталари вафот этгандан кейин, Юсуфнинг акалари: “Биз Юсуфга ёмонлик қилган эдик, энди у ўша ёмонликларимиз учун кек сақлаб юрган бўлса, биздан ўч олади”, деб қўрқа бошладилар.
16 Шунинг учун улар Юсуфга шундай хабар юбордилар: “Отамиз вафотидан олдин бизга,
17 Юсуфнинг ҳузурига бориб айтинглар, мен ундан ўтинаман, сизлар унга қарши қилган оғир жиноятларингизни унутсин, деб айтган эдилар. Илтимос қиламиз, отанг Худосининг бу қуллари қилган жиноятларни унутгин.” Юсуф шу хабарни эшитганда, йиғлаб юборди.
18 Кейин акалари ҳам келиб: “Биз сенинг қулларингмиз”, деб Юсуфнинг оёқларига йиқилдилар.
19 Лекин Юсуф акаларига:— Қўрқманглар, мен сизларни ҳукм қилиб, жазолайдиган Худо эмасман–ку! — деди.
20 — Сизлар менга раво кўрган ёмонликни Худо яхшиликка ишлатди. Сон–саноқсиз одамларни сақлаб қолиш учун У мени шу ерга олиб келди.
21 Шунинг учун қўрқманглар, мен ўзларингизни ҳам, бола–чақаларингизни ҳам боқаман. Юсуф акаларига мулойим гапириб, уларга тасалли берди.
22 Шундай қилиб, Юсуф, унинг ака–укалари, уларнинг оилалари Мисрда яшаб қолдилар. Юсуф 110 йил умр кўрди.
23 Юсуф Эфрайимнинг невара–чевараларини ҳам кўрди. Манашенинг ўғли Мохирнинг болалари туғилганда, Юсуф ҳаёт эди. Юсуф бу болаларни ҳам фарзандлари қаторига қабул қилди.
24 “Менинг умрим охирлаб боряпти, — деди Юсуф ака–укаларига. — Лекин Худо сизларни кузатиб туради, сизларни бу юртдан олиб чиқиб, Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубга бераман, деб қасам ичган юртга қайтариб олиб боради.”
25 Сўнг Юсуф Исроил уруғларига қасам ичдириб: “Худо сизларнинг олдингизга келганда, сизлар менинг суякларимни бу ердан олиб кетинглар”, — деди.
26 Юсуф 110 йил яшаб, оламдан ўтди. Унинг жасадини мумиёлаб, Мисрда бир тобутга солдилар.