Ибтидо (1-Таврот) 43 bob
1 Канъон юртида қаҳатчилик ҳаддан ортиқ кучайди.
2 Ёқубнинг ўғиллари Мисрдан олиб келган донни еб тугатишди. Шундан кейин Ёқуб ўғилларига: — Яна бориб, бир оз дон сотиб олиб келинглар, — деди.
3 Яҳудо отасига шундай деди: — Ўша одам, укангизни олиб келмагунларингизча, кўзимга кўринманглар, деб бизни огоҳлантирган.
4 Агар укамизни биз билан бирга жўнатсангиз, бориб, сизга дон сотиб олиб келардик.
5 Лекин Беняминни юбормасангиз, биз ҳам бормаймиз. Чунки ўша одам, укангизни олиб келмасангиз, кўзимга кўринманглар, деб айтган.
6 Ёқуб: — Нимага ўша одамга, яна укамиз бор, деб бошимга бало орттирдингиз?! — деб зорланди.
7 Улар шундай жавоб бердилар: — У одам: “Отангиз ҳаётми? Бошқа укангиз ҳам борми?” деб ўзимиз, оиламиз тўғрисида сўраб–суриштирди. Биз унинг саволларига жавоб бердик. “Укангизни менинг олдимга олиб келинглар”, деб айтишини қаердан билибмиз?!
8 Яҳудо отасига деди: — Укамизни мен билан жўнатинг, энди йўлга чиқайлик, токи сизу биз, болаларимиз очликдан ўлмай, тирик қолайлик.
9 Унга мен ўзим кафил бўламан, у учун мени масъул деб билаверинг. Агар уни қайтариб олиб келиб қўлингизга топширмасам, умр бўйи сизнинг олдингизда айбдор бўлиб қолай.
10 Агар орқага сурмаганимизда эди, ҳозиргача икки марта бориб келган бўлардик.
11 Ниҳоят, Ёқуб ўғилларига деди: — Бошқа иложи йўқ экан, энди бундай қилинглар: юртимизнинг ноз–неъматларидан қопларингизга солинглар. Бир оз мумиё, асал, хушбўй зираворлар, мирра, писта, бодом ҳам олиб, ўша одамга ҳадя қилиб олиб боринглар.
12 Ўтган сафар қопларингизга кумушларни солиб қайтариб юборишган эди, шунинг учун кумушни икки баробар кўп олинглар. Кимдир адашган бўлиши мумкин.
13 Укангизни ҳам олинглар–у, ҳозироқ ўша одамнинг олдига жўнанглар.
14 Ўша одам болаларимга раҳм қилсин, деб Қодир Худога илтижо қиламан, токи у Шимўн билан Беняминни қайтариб юборсин. Агарда фарзандларимдан жудо бўладиган бўлсам, майли, бўла қолай.
15 Шундай қилиб, улар ҳар хил ҳадялар, икки баробар кўп кумуш олдилар–да, Беняминни ҳам эргаштириб, Мисрга шошилдилар. Мисрга етиб келиб, Юсуфнинг ҳузурига кирдилар.
16 Юсуф уларнинг ёнида Беняминни ҳам кўрди ва қулбошисига буюрди: “Бу одамларни уйга олиб бор, биронта жонлиқ сўйиб, тайёргарлик кўр. Улар тушликни мен билан бирга ейдилар.”
17 Қулбоши Юсуф айтгандай қилди: ака–укаларни Юсуфнинг уйига олиб кетди.
18 Қулбоши ака–укаларни Юсуфнинг уйига олиб келгани учун, улар жуда қўрқиб кетишди. Улар бир–бирига дедилар: “Ўтган сафар қопларимизга кумушларимизни қайтариб солиб қўйишган эди. Шу сабабдан қулбоши бизни бу ерга олиб келган. Энди у бизни ўғриликда айблайди. Бизни ушлаб, қул қилиб олади, эшакларимизни ҳам тортиб олади.”
19 Юсуфнинг дарвозаси олдида ака–укалар қулбошига айтдилар:
20 — Кечирасиз, ҳазрат, биз ўтган сафар ҳам дон сотиб олгани келган эдик.
21 Уйга қайтиб кетаётганимизда, тунда дам олгани бир жойда тўхтаб, қопларимизни очдик. Дон сотиб олганимизда тўлаган кумушимизнинг ҳаммаси қопларимизнинг ичида экан. Мана, ўша кумушларни қайтариб олиб келдик.
22 Биз яна дон сотиб олгани қўшимча кумуш олиб келдик. Ким у кумушларни қопларимизга солиб қўйган экан, билмаймиз.
23 — Хотиржам бўлинглар, — деди Юсуфнинг қулбошиси, — бу тўғрида хавотир олманглар. Дон сотиб олишга келтирган кумушларингизнинг ҳаммасини мен олган эдим. Худойингиз — отангизнинг Худоси қопларингизга хазина солиб қўйган бўлса керак. Сўнг қулбоши Шимўнни уларнинг олдига олиб келди.
24 Қулбоши ака–укаларни Юсуфнинг уйига олиб келгандан кейин, уларга сув берди. Ака–укалар оёқларини ювиб олишди. Қулбоши уларнинг эшакларига ҳам ем берди.
25 Ака–укаларга, Юсуф ҳазрати олийлари билан бирга тушлик қиласизлар, деб айтишди. Шунинг учун Юсуф келгунча, улар ҳадяларини тайёрлаб қўйдилар.
26 Юсуф уйга келгач, улар ҳадяларини Юсуфга бериб, мук тушиб таъзим қилишди.
27 Юсуф улардан ҳол–аҳвол сўради. — Отангизнинг аҳволлари қалай? Кекса отамиз бор, деб айтган эдингиз. У ҳозир ҳам ҳаётми?
28 — Қулингиз — отамиз яхши юрибдилар, ҳозир ҳаётлар, — деб жавоб беришди ака–укалар. Сўнг улар Юсуфга эгилиб таъзим қилишди.
29 Юсуф туғишган укаси Беняминни кўриб, улардан сўради: — Кенжа укамиз бор, деб айтган эдингиз. Шу бола укангизми? Худо сенга марҳамат қилсин, ўғлим!
30 Юсуф шундай деб, укасига меҳри товланиб кетганидан йиғлаб юборай дерди. Шунинг учун Юсуф дарров ичкари хонага чиқди–ю, у ерда йиғлаб юборди.
31 Бир оздан кейин Юсуф юзини ювиб, ўзини қўлга олди ва ака–укаларининг олдига қайтиб кирди. “Таомлар келтирилсин!” деб буйруқ берди.
32 Юсуфга алоҳида дастурхонда, ака–укаларига эса бошқа дастурхонда таомлар тортилди. Юсуфникидаги Мисрликлар эса алоҳида дастурхонда таом ейишди. Мисрликлар ибронийлар билан дастурхон атрофида бирга ўтириб овқат ейишдан ҳазар қилишар эди.
33 Юсуф ҳар бир акасига қайси жойда ўтиришини кўрсатди. Ҳар бирини ёши бўйича, катта–кичиклигига қараб ўтқазди. Ака–укалар бир–бирларига таажжуб билан қараб қўйдилар.
34 Ака–укаларга таомларни Юсуфнинг дастурхонидан тарқатишди. Беняминга берилган таом бошқа акалариникига қараганда беш ҳисса кўп эди. Ака–укалар таомни еб, Юсуф билан бирга май ичиб, хушнуд бўлдилар.