Ибтидо (1-Таврот) 39 bob
1 Исмоилий савдогарлари Юсуфни Мисрга олиб келишгач, уни Мисрлик Пўтифар деган бир одамга сотишди. Пўтифар фиръавннинг аъёнларидан бири бўлиб, қўриқчилар бошлиғи эди.
2 Эгамиз Юсуф билан бирга бўлиб, унга кўп муваффақият келтирарди. Юсуф Мисрлик хўжайинининг хонадонида хизмат қилиб юраверди.
3 Пўтифар кўрдики, Эгамиз Юсуф билан бирга бўлиб, ҳар бир қилган ишида унга муваффақият келтиряпти.
4 Шундай қилиб, Юсуф хўжайинининг илтифотига сазовор бўлди, хўжайинининг мулозими бўлиб қолди. Пўтифар Юсуфни ўз хонадони устидан назоратчи қилиб, бутун мол–мулкини унга ишониб топширди.
5 Пўтифар Юсуфни назоратчи қилиб тайинлаган кундан бошлаб, Эгамиз Юсуф туфайли Пўтифарнинг хонадони аҳлига, унинг уйидаги ва даласидаги бутун мол–мулкига барака берадиган бўлди.
6 Буни кўрган Пўтифар бутун мол–мулкини Юсуфнинг ихтиёрига топширди. Пўтифарнинг ейдиган овқатидан бошқа ҳеч нарса билан иши бўлмасди. Юсуф жуда чиройли, келишган йигит эди.
7 Орадан маълум вақт ўтгач, хўжайинининг хотини Юсуфга кўзларини сузиб: “Мен билан бирга бўл”, деб таклиф қилди.
8 Лекин Юсуф рад қилди ва хўжайинининг хотинига деди: — Ўзингиз ўйлаб кўринг, мен бу ерда бўлганим учун, хўжайиним хонадонидаги ҳеч бир нарса тўғрисида қайғурмайди, ҳамма нарсасини менинг қўлимга топшириб қўйди.
9 Бу хонадонда ҳеч ким мендан катта эмас. Сиздан бошқа бирор нарсани мендан аямади. Чунки сиз унинг хотинисиз. Қандай қилиб мен шу қадар қабиҳлик қилиб, Худога қарши гуноҳ қиламан?!
10 Пўтифарнинг хотини ҳар куни Юсуфга таклиф қилса ҳам, лекин Юсуф рад қилиб, у билан бўлмади.
11 Бир куни Юсуф ўз ишларини бажариш учун уйга кирди. Уйда хизматкорлардан биронтаси ҳам йўқ эди.
12 Аёл Юсуфнинг кийимидан ушлаб: “Мен билан бўл!” деди. Лекин Юсуф ташқарига қочиб чиқиб кетди. Юсуфнинг кийими эса аёлнинг қўлида қолди.
13 Аёл кўрдики, Юсуф кийимини унинг қўлида қолдириб, ташқарига қочиб чиқиб кетди.
14 Шунда аёл уйдаги хизматкорларни чақирди. Аёл ҳўнграб деди: — Қаранглар! Эрим манави ибронийни бизни таҳқирлаш учун олиб келган экан! У мен билан ётгани кирган экан, овозим борича бақирдим.
15 Додлаганимдан кейин, кийимини ёнимда қолдириб, ташқарига қочиб чиқиб кетди.
16 Хўжайин уйга келгунча, аёл Юсуфнинг кийимини ўзида сақлаб турди.
17 Аёл эрига ҳам ўша воқеани айтиб берди: “Сиз уйимизга олиб келган анави иброний қулвачча хонамга кириб, мени таҳқирламоқчи бўлди.
18 Мен дод солган эдим, у кийимини ёнимда қолдириб, ташқарига қочиб чиқиб кетди.”
19 Пўтифар буни эшитгач, ғазабланди.
20 У Юсуфни ушлаб, шоҳнинг маҳбусларисақланадиган зиндонга ташлади. Шундай қилиб, Юсуф зиндонда қолаверди.
21 Лекин Эгамиз Юсуф билан бирга бўлиб, унга марҳамат кўрсатарди. Натижада зиндонбоши Юсуфга илтифот қиларди.
22 Зиндонбоши зиндондаги ҳамма маҳбусларга қараб туришни Юсуфга юклаб қўйди, зиндонда бўладиган ҳамма ишларга Юсуф масъул эди.
23 Эгамиз Юсуф билан бирга бўлиб, унинг ҳамма ишларида муваффақият келтирарди. Шунинг учун Юсуф масъул бўлган ишларга зиндонбоши аралашмасди.