Ибтидо (1-Таврот) 36 bob
1 Эсовнинг насл–насаби тарихи қуйидагичадир (у Эдом исми билан таниқли):
2 Эсов Канъонлик қизларга уйланган эди. Биринчи хотинининг исми Оида бўлиб, Хет халқидан Элўн деганнинг қизи эди. Иккинчисиники Охолибом бўлиб, Хив халқидан Анаҳ деганнинг қизи эди. Бобосининг исми Зибўн эди.
3 Учинчи хотинининг исми Босимат бўлиб, Исмоилнинг қизи эди. Қизнинг Наваёт деган акаси бор эди.
4 Оида Эсовга Элифазни, Босимат Рувелни,
5 Охолибом эса Ёуш, Ялом ва Кўрахни туғиб берди. Эсовнинг Канъон юртида туғилган ўғиллари ана шулардир.
6 Сўнгра Эсов хотинларини, болаларини, хонадонидаги ҳамма одамларини, подасию сурувларини, Канъон юртида топган жамики бойликларини олиб, укаси Ёқубдан узоқроқ ерга кўчиб кетди.
7 Икковининг подалари ва сурувлари бениҳоя кўп бўлганидан, ер торлик қилиб қолган эди.
8 Шунинг учун Эсов, яъни Эдом, Сеир тоғларига бориб ўрнашди.
9 Сеир тоғларидаги Эдом халқининг ота–бобоси Эсовнинг насл–насаби мана булардир:
10 Эсовнинг хотинлари Оида ва Босимат туққан ўғиллари қуйидагилардир: Оида Элифазни туғди, Босимат Рувелни туғди.
11 Элифаз беш ўғил кўрди: Темон, Ўмар, Зафў, Гатам ва Ханаз.
12 Элифазнинг чўриси* Тимна ҳам унга ўғил туғиб, исмини Омолек қўйди. Эсовнинг хотини Оиданинг набиралари ана шулар эди.
13 Рувел тўрт ўғил кўрди: Нахат, Зерах, Шаммох ва Миззо. Булар Эсовнинг хотини Босиматнинг набиралари эди.
14 Эсовнинг учинчи хотини Анаҳнинг қизи Охолибом унга уч ўғил туғиб берди. Ўғилларининг исми Ёуш, Ялом ва Кўрах эди.
15 Эсовнинг ўғиллари ва набиралари қуйидаги уруғларнинг йўлбошчилари бўлдилар: Эсовнинг тўнғич ўғли Элифазнинг ўғиллари қуйидаги уруғларнинг йўлбошчилари бўлдилар: Темон, Ўмар, Зафў, Ханаз,
16 Кўрах, Гатам ва Омолек уруғлари. Эдом юртидаги бу уруғлар Эсовнинг хотини Оидадан келиб чиққан эди.
17 Эсов ўғли Рувелнинг ўғиллари қуйидаги уруғларнинг йўлбошчилари бўлдилар: Нахат, Зерах, Шаммох ва Миззо уруғлари. Эдом юртидаги бу уруғлар Эсовнинг хотини Босиматдан пайдо бўлган эди.
18 Эсовнинг хотини Охолибомнинг ўғиллари қуйидаги уруғларнинг йўлбошчилари бўлдилар: Ёуш, Ялом ва Кўрах уруғлари. Охолибомнинг отаси Анаҳ эди.
19 Эсов, яъни Эдомдан келиб чиққан уруғларнинг ҳаммаси ана шулардир.
20 Эдом юртининг туб аҳолиси қабилаларга бўлинган эди.
21 Бу қабилаларнинг ота–бобоси Сеир деган одам бўлиб, у Хорим халқидан эди. Сеирнинг қуйидаги насллари уруғларга асос солди:
22 Лўтоннинг ўғиллари исми Хўри ва Хўмам эди. Лўтоннинг Тимна деган синглиси ҳам бор эди.
23 Шўвалнинг ўғиллари исми Элиён, Монахат, Эбал, Шафо ва Ўнам эди.
24 Зибўннинг ўғиллари исми Оё ва Анаҳ эди. Анаҳ отаси Зибўннинг эшакларини боқиб юрганда, саҳрода иссиқ булоқлар топган эди.
25 Анаҳнинг Дишон деган ўғли ва Охолибом деган қизи бор эди.
26 Дишоннинг ўғиллари исми Хамдон, Эшбон, Йитрон ва Херон эди.
27 Эзернинг ўғиллари исми Билхан, Завон ва Оқон эди.
28 Дишаннинг ўғиллари исми Уз ва Орон эди.
29 Шундай қилиб, қуйидагилар Хорим халқи уруғларининг йўлбошчилари бўлди: Лўтон, Шўвал, Зибўн, Анаҳ,
30 Дишон, Эзер ва Дишан. Хорим халқининг уруғлари Сеир юртида яшаган уруғ йўлбошчилари номи билан юритилган.
31 Ҳали Исроилда шоҳлар бўлмасдан олдин ҳам, Эдомда шоҳлар ҳукмронлик қилган эди. Бу шоҳлар қуйидагилардир:
32 Бавўр ўғли Белах, у Динхаба шаҳридан эди.
33 Белах вафот этгач, унинг ўрнига Зерах ўғли Йўвов шоҳ бўлди. У Бозрах шаҳридан эди.
34 Йўвов вафот этгандан кейин, унинг ўрнига Хушом шоҳ бўлди. У Темон юртидан эди.
35 Хушом вафот этгач, унинг ўрнига Бадад ўғли Ҳадад шоҳ бўлди. У Обит шаҳридан эди. Ҳадад Мўаб юртида Мидиён лашкарини қириб ташлаган эди.
36 Ҳадад вафот этгандан кейин, унинг ўрнига Самло шоҳ бўлди. У Масрихо шаҳридан эди.
37 Самло вафот этгандан кейин, унинг ўрнига Шовул шоҳ бўлди. У Фурот дарёси бўйидаги Рехобўт шаҳридан эди.
38 Шовул вафот этгандан кейин, унинг ўрнига Ахбор ўғли Баалханон шоҳ бўлди.
39 Баалханон вафот этгандан кейин, унинг ўрнига Ҳадад шоҳ бўлди. У Поғу шаҳридан эди. Ҳададнинг хотини Махитавал эди, Махитавалнинг отаси — Матрид, бобоси Мезахаб эди.
40 Эсов уруғларининг йўлбошчилари номлари қуйидагичадир: Тимно, Элво, Етет,
41 Охолибом, Элох, Пинон,
42 Ханаз, Темон, Мивзар,
43 Махдиёл ва Иром. Эдом халқининг ота–бобоси Эсов уруғларининг номлари ана шулардир. Ҳар бир уруғ ўзи эгаллаган ҳудудга ўзининг номини берган.