Ибтидо (1-Таврот) 35 bob
1 Худо Ёқубга деди: — Қани, отлан, Байтилга кўчиб бор, ўша ерда жойлашиб, Менга атаб қурбонгоҳ ўрнат. Сен аканг Эсовдан қочиб кетаётганингда, Мен у ерда сенга зоҳир бўлган эдим.
2 Ёқуб хонадонидагиларга ва ёнидагиларга айтди: — Бегона худоларингизни йўқотинглар, ўзларингизни поклаб, тоза кийимларингизни кийинглар.
3 Энди бу ердан кетиб, Байтилга борамиз. У ерда мен Худога қурбонгоҳ қураман. Кулфатда қолганимда, Худо менга мадад берган эди. Қаерга борсам, У мен билан бирга бўлди.
4 Ҳаммалари бегона худоларини, зиракларини Ёқубга беришди. Ёқуб бу нарсаларни Шакам яқинидаги эман дарахтининг остига кўмди.
5 Ёқуб хонадонидагиларини бошлаб йўлга тушганда, Худо бутун атрофдаги шаҳарлар аҳолисига қўрқув юборди. Шунинг учун ҳеч ким уларни таъқиб қилмади.
6 Ниҳоят, Ёқуб бутун хонадон аҳлини бошлаб Луз шаҳрига етиб келди. (Луз ҳозир Байтил деб юритилади.)
7 Ёқуб бу ерда бир қурбонгоҳ қуриб, бу жойни Байтилнинг Худоси деб атади. Ёқуб акасидан қочиб кетаётганда, Худо Ўзини унга шу ерда зоҳир қилган эди.
8 Шу орада Ривқонинг энагаси Добира вафот этди. Уни Байтилнинг ёнидаги эман дарахти остига дафн қилдилар. Ўшандан буён бу дарахт Йиғи дарахти деб юритилади.
9 Ёқуб Паддон–Орамдан қайтиб келгандан кейин, Худо унга яна зоҳир бўлди ва унга марҳамат кўрсатиб, деди:
10 “Сенинг исминг Ёқуб, лекин бундан кейин сени Ёқуб деб чақирмайдилар, сенинг исминг Исроил бўлади.” Шунинг учун у Исроил деб ном олди.
11 Худо шундай деди: — Мен Қодир Худоман, баракали бўл, наслинг кўп бўлсин. Буюк халқ, ҳатто кўп халқлар сендан пайдо бўлади. Сен шоҳларнинг бобоси бўласан.
12 Мен Иброҳимга ва Исҳоққа ваъда қилган юртни сенга бераман. Сендан кейин бу ерни наслингга бераман.
13 Шундан кейин Худо Ёқубга гапирган жойидан кетди.
14 Ёқуб ўша жойга ёдгорлик тоши ўрнатди. Сўнгра ёдгорлик тоши устига Худога атаб шароб ва зайтун мойи қуйди.
15 Ёқуб бу жойга Байтил деб ном берди.
16 Ёқуб билан унинг оиласи Байтилдан чиқиб, Эфрат томон йўл олдилар. Улар Эфратга ҳали етиб бормасдан, Роҳиланинг кўзи ёрийдиган пайти келди, уни қаттиқ тўлғоқ тутиб қолди.
17 Роҳила тўлғоқдан кўп азоб чеккандан кейин, ниҳоят, дояси: “Қўрқма, яна ўғил туғдинг”, деди.
18 Роҳила жон бераётганда, охирги нафасда ўғлининг исмини Бенўн деб қўйди. Отаси эса унга Бенямин деб исм қўйди.
19 Шундай қилиб, Роҳила вафот этди ва Эфрат йўлида дафн қилинди. (Эфрат ҳозир Байтлаҳм деб юритилади.)
20 Ёқуб Роҳиланинг қабрига ёдгорлик тоши ўрнатди. Бу тош шу кунгача бор.
21 Шундан кейин Ёқуб яна кўчиб, Эдер минораси ортида чодирини тикди.
22 Ёқуб ўша ерда яшаётганда, Рубен отасининг чўриси Билхахнинг ёнига кирди. Ёқуб буни эшитиб қолди. Ёқубнинг ўн иккита ўғли бор эди:
23 Леах туққан ўғиллари — Рубен (Ёқубнинг тўнғич ўғли), Шимўн, Леви, Яҳудо, Иссахор ва Забулун.
24 Роҳила туққан ўғиллари — Юсуф билан Бенямин.
25 Роҳиланинг чўриси Билхах туққан ўғиллари — Дан билан Нафтали.
26 Леахнинг чўриси Зилпо туққан ўғиллари — Гад билан Ошер. Ёқубнинг Паддон–Орамда туғилган ўғиллари ана шулар эди.
27 Ёқуб Мамрега — Хират–Арбага отасининг уйига келди. (Хират–Арба ҳозир Хеврон деб юритилади.) Иброҳим ва Исҳоқ Хевронда истиқомат қилган эдилар.
28 Исҳоқ 180 йил умр кўрди.
29 У кексайиб, ёшини яшаб оламдан ўтди. Ўғиллари Эсов билан Ёқуб уни дафн қилишди.