Ибтидо (1-Таврот) 17 bob
1 Ибром тўқсон тўққиз ёшга кирганда, Эгамиз унга зоҳир бўлиб, деди: — Мен Қодир Худоман. Мен кўрсатган йўлдан юр, ҳар доим покдил бўлиб яшагин.
2 Мен сен билан аҳд қиламан, сенга жуда кўп насллар ато қиламан.
3 Ибром ерга мук тушиб таъзим қилди. Кейин Худо унга айтди:
4 — Сен билан қиладиган аҳдим шудир: сен кўплаб халқларнинг отаси бўласан.
5 Энди сенинг исмингни ўзгартираман. Исминг энди Ибром эмас, Иброҳим бўлади. Чунки Мен сени кўплаб халқларнинг отаси қиламан.
6 Сени жуда ҳам баракали қиламан, сендан халқлар яратаман, сендан шоҳлар келиб чиқади.
7 Мен сенга ва сендан кейинги наслларингга берган ваъдамда тураман. Бу абадий аҳд бўлади. Мен доимо Сенинг Худойинг, сендан кейинги наслларингнинг Худоси бўлиб қоламан.
8 Сен мусофир бўлиб яшаб турган мана шу Канъон юртининг ҳаммасини Мен сенга ва наслларингга абадий мулк қилиб бераман. Мен уларнинг Худоси бўламан.
9 Худо Иброҳимга яна деди: — Сен ва сендан кейинги наслларинг авлодлар оша Мен билан қилган аҳдга риоя қилишларингиз лозим.
10 Сен ва сенинг наслларинг риоя қилишларингиз керак бўлган аҳдим қуйидагичадир: орангиздаги ҳар бир эркак суннат қилинсин.
11 Суннат — сен билан Менинг ўртамиздаги аҳднинг белгиси бўлади.
12 Ҳозирдан бошлаб насллар оша хонадонингдаги ҳар бир ўғил бола туғилгандан кейин саккиз кун ўтгач, суннат қилинсин. Бу фақат сенинг оила аъзоларинггагина тегишли бўлмай, балки хонадонингда туғилган хизматкорларингга ва сенинг наслингдан бўлмаган, бегоналардан сотиб олган хизматкорларингга ҳам тегишлидир.
13 Хонадонингда туғилган хизматкорларинг ҳам, сотиб олинган хизматкорларинг ҳам суннат қилинсин. Шундай қилиб, Менинг сен билан қилган аҳдим абадий эканини танангиздаги белги кўрсатиб туради.
14 Суннат қилинмаган эркак халқим орасидан йўқ қилинсин. У Менинг аҳдимни бузган ҳисобланади.
15 Худо Иброҳимга яна айтди: — Хотининг Сорайга келсак, унинг исми бундан кейин Сорай бўлмасин. Ҳозирдан бошлаб уни Сора деб чақир.
16 Мен Сорага марҳамат кўрсатаман. Мен ундан сенга ўғил ато қиламан. Ҳа, Мен Сорага шунчалик барака бераманки, у кўп халқларнинг онаси бўлади. Унинг насллари орасидан шоҳлар чиқади.
17 Иброҳим мук тушиб таъзим қилди, кейин кулиб қўйди–да, ўзига ўзи деди: “Юз ёшга кирган одам бола кўрар эканми?! Бунинг устига, Сора ҳам тўқсонга кирди, энди бола туғармиди?!”
18 Иброҳим Худога: — Қанийди, Исмоил Сенинг марҳаматинг остида яшаса, — деди.
19 — Йўқ, хотининг Сора сенга ўғил туғиб беради, — деди Худо. — Сен ўғлингнинг отини Исҳоқ қўясан. Мен ўғлинг билан ва унинг келгуси насли билан абадий аҳдимни давом эттираман.
20 Исмоил тўғрисида қилган илтимосингни ҳам эшитдим. Мен унга барака бераман, унинг наслини ҳаддан ташқарикўпайтираман. У ўн икки йўлбошчининг отаси бўлади. Ундан буюк халқ келтириб чиқараман.
21 Лекин Мен Ўз аҳдимни туғиладиган ўғлинг Исҳоқ билан қиламан. Келгуси йили худди шу пайтда Сора сенга Исҳоқни туғиб беради.
22 Худо Иброҳим билан гаплашиб бўлгач, унинг ёнидан кетди.
23 Ўша куниёқ Иброҳим Худо амр этгандай қилди: ўғли Исмоилни, хонадонида туғилган хизматкорларини, бегоналардан сотиб олган хизматкорларини — хонадонидаги ҳамма эркакни суннат қилди.
24 Иброҳим суннат қилинганда, тўқсон тўққиз ёшда,
25 ўғли Исмоил ўн уч ёшда эди.
26 Иброҳим билан ўғли бир кунда суннат қилиндилар.
27 Шундай қилиб, Иброҳимнинг хонадонидаги жамики эркак зоти ҳам у билан бирга суннат қилинди.