Ибтидо (1-Таврот) 12 bob
1 Шундан кейин Эгамиз Ибромга деди: “Ўз юртингдан, қариндош–уруғларинг олдидан — отанг хонадонидан чиқиб кет. Мен сенга бир юртни кўрсатаман, ўша ерга борасан.
2 Буюк халқнинг отаси қиламан сени, Барака бераман сенга, Улуғ қиламан сенинг номингни, Барака манбаи бўласан сен.
3 Мен барака берарман сени дуо қилганларга, Сени лаънатлаганларни Мен лаънатлайман. Сен орқали барака топарлар Ер юзидаги жамики халқлар.”
4 Эгамиз амр қилгандай, Ибром кетди. Лут ҳам Ибром билан бирга кетди. Ибром Хорондан* чиқиб кетганда, етмиш беш ёшда эди.
5 Ибром хотини Сорайни,жияни Лутни, Хоронда хизматга олган одамларини бошлаб, тўплаган жамики мол–мулкини олиб, Канъон юртига қараб йўлга тушди. Ниҳоят, улар Канъон юртига етиб келишди.
6 Ибром бу юртда кўчиб юриб, Шакам яқинидаги Мўре номли муқаддас эман дарахти ёнига етиб келиб тўхтади. Ўша пайтларда бу юртда Канъон халқи яшарди.
7 Шу ерда Эгамиз Ибромга зоҳир бўлиб: “Мана шу юртни сенинг наслингга бераман”, деди. Шундай қилиб, Ибром зоҳир бўлган Эгамизга атаб ўша ерда қурбонгоҳ қурди.
8 Шундан сўнг Ибром Байтилнинг шарқидаги қирларга йўл олди. Байтил билан Ай шаҳарларининг ўртасида чодир тикди. Чодирдан ғарб томонда Байтил, шарқ томонда Ай шаҳарлари бор эди. Бу ерда у қурбонгоҳ қуриб, Эгамизга сажда қилди.
9 Ибром у жойдан бу жойга кўчиб, жанубга — Нагав чўлига кетди.
10 Ўша пайтда Канъонда қаҳатчилик ҳаддан ортиқ авжига чиқди. Шунинг учун Ибром, қаҳатчилик тугагунча кутиб турай деб, Мисрга йўл олди.
11 Ибром Миср чегарасига яқинлашганда, хотини Сорайга деди: — Сен жуда ҳам гўзал аёлсан.
12 Мисрликлар сени кўрганларида: “Манави аёл — унинг хотини”, деб айтишади. Мени ўлдириб, сени тирик қолдиришади.
13 Сен, унинг синглисиман, деб айтгин, токи сен туфайли Мисрликлар менга яхши муносабатда бўлсинлар, жонимга раҳм қилсинлар.
14 Ибром Мисрга кириб келганда, Сорайнинг гўзаллиги ҳамманинг оғзида дув–дув гап бўлди
15 Сарой аъёнлари ҳам Сорайни кўришгач, уни фиръавнга роса мақташди. Шундай қилиб, Сорайни фиръавннинг саройига олиб келишди.
16 Фиръавн Сорай туфайли Ибромга ҳам кўп мурувват қилди: мол–қўй, эшаклар, қул ва чўрилар, туялар инъом қилди.
17 Лекин фиръавн Сорайни ўз ҳарамига олмоқчи бўлгани учун, Эгамиз фиръавн хонадонига даҳшатли ўлат касаллигини юборди.
18 Фиръавн Ибромни чақиртириб келиб, унга деди: — Бу нима қилганинг? Нима қилиб қўйдинг мени? Нимага Сорай хотининг эканини менга айтмадинг?
19 Нимага, у менинг синглим, деб айтдинг? Гапингга ишониб, уни ўзимга хотин қилиб олмоқчи бўлдим–а! Мана хотининг, ол–да, кўзимдан йўқол!
20 Фиръавн ўз одамларига фармон берган эди, улар Ибромни хотини, ҳамма одамлари ва мол–мулки билан бирга юртдан чиқариб юбордилар.