Ибтидо (1-Таврот) 40 bob
1 Бир куни сарой соқийси билан новвойи Миср фиръавнини қаттиқ хафа қилдилар.
2 Фиръавн бу иккала аъёнидан — соқийси билан новвойидан ғазабланиб,
3 уларни ҳам Юсуф ётган зиндонга қаматиб қўйди. Зиндон қўриқчилар бошлиғининг уйида эди.
4 Қўриқчилар бошлиғи Юсуфни соқий билан новвойнинг хизматига қўйди. Юсуф уларга хизмат қила бошлади. Улар анча вақт зиндонда қолдилар.
5 Фиръавннинг соқийси билан новвойи зиндонда ётар эканлар, бир куни кечаси иккови ҳам туш кўрдилар. Ҳар бир тушнинг ўзига хос маъноси бор эди.
6 Эрталаб Юсуф уларнинг ёнига келди. Уларнинг юзи ғамгин эди. Юсуф буни пайқади.
7 — Нимага бугун жуда ғамгин кўринасизлар? — деб сўради Юсуф улардан.
8 — Биз туш кўрган эдик, бу ерда тушимизни таъбирлаб берадиган бирон кимса йўқ, — деб жавоб беришди улар. — Тушларни таъбирлаш Худодандир, — деди Юсуф. — Марҳамат, тушингизни менга айтинг–чи.
9 Аввал соқий тушини Юсуфга айтиб берди: — Тушимда ток кўрибман. Ток олдимда турган эмиш.
10 Токнинг учта новдаси бор экан. Новдалар дарров куртак отиб, мева тугиб узумлар пишибди.
11 Фиръавннинг қадаҳи қўлимда эмиш. Мен узумларни олиб, фиръавннинг қадаҳига узумнинг шарбатини сиқибман. Кейин қадаҳни фиръавннинг қўлига берибман.
12 Юсуф унга деди: — Тушингизнинг таъбири шундай бўлар: учта новда — уч кун дегани.
13 Уч кун ичида фиръавн сизни зиндондан озод қилиб, олдинги мансабингизга қайтаради: сиз яна соқий бўлиб, илгаригидай шоҳга қадаҳ тутасиз.
14 Лекин сиздан бир илтимос: ишларингиз яхши бўлиб кетганда, мени ҳам эслаб қўйинг. Сиз менга илтифот кўрсатиб, фиръавнга мен тўғримда ҳам эслатиб қўйинг: мени зиндондан чиқариб олсин.
15 Мен аслида ибронийлар юртидан ўғирлаб келтирилганман. Бунинг устига, яна бу ерда зиндондаман, лекин ҳеч қандай айбим йўқ.
16 Новвой қараса, тушнинг таъбири яхшиликка экан. У Юсуфга деди: — Мен ҳам туш кўрибман. Бошимда учта нон саватни олиб кетаётган эмишман.
17 Энг тепадаги саватда фиръавнга аталган пишириқларнинг ҳар туридан бор экан. Лекин қушлар учиб келиб, бошимдаги саватдан пишириқларничўқиётган экан.
18 — Тушингизнинг таъбири шундай бўлар, — деди Юсуф. — Учта сават — уч кун дегани.
19 Уч кун ичида фиръавн бошингизни танангиздан жудо қилиб, танангизни тик ўрнатилган ходанинг учига қоқтиради. Қушлар танангизни чўқиб ейди.
20 Орадан уч кун ўтгач, фиръавн туғилган кунида барча аъёнларига зиёфат берди. Соқийси билан новвойини ҳам зиндондан аъёнлари олдига чақиртирди.
21 Фиръавн соқийсини озод қилиб, олдинги мансабига қайтарди. Шундай қилиб, соқий яна фиръавнга қадаҳ тутадиган бўлди.
22 Лекин Юсуф айтгандай, фиръавн новвойнинг бошини олдириб, жасадини тик ўрнатилган ходанинг учига қоқтирди.
23 Соқий эса Юсуфни эсламади, уни унутиб юборди.