Ибтидо (1-Таврот) 18 bob
1 Куннинг жазирама иссиқ пайти эди. Иброҳим Мамредаги муқаддас эманзорда чодирига кираверишда ўтирган эди, шу пайт Эгамиз унга зоҳир бўлди.
2 Шу лаҳзада Иброҳим рўпарасида учта одам турганини билди. Иброҳим учаласини кўрган заҳоти уларни кутиб олгани югуриб борди ва мук тушиб таъзим қилди.
3 — Ҳазратим, — деди Иброҳим, — марҳаматингизни дариғ тутманглар, бу қулингизнинг эшигини босиб ўтиб кетманглар.
4 Хизматкорларим сув келтиришсин, оёқларингизни ювишсин, ўзларингиз дарахтнинг соясида дам олинглар.
5 Модомики, бу қулингизнинг хонадонига ташриф буюрибсизлар, мен нон–пон олиб келай. Саёҳатингизни давом эттиришдан олдин бардам бўлиб олинглар. — Майли, — дейишди улар, — айтганингдай қилавер.
6 Иброҳим шошилганича чодирга қайтди–да, Сорага деди: — Тез бўл! Уннинг яхшисидан дарров бир тоғора олиб, нон ёп.
7 Сўнгра подага бориб, семиз бузоқни танлади ва хизматкорига берди. Хизматкор дарров бузоқни сўйиб, таом тайёрлашга киришди.
8 У сузма, сут ва пишириб тайёрланган бузоқ гўштини олиб, меҳмонларнинг олдига қўйди. Меҳмонлар овқатланишаётганда, Иброҳим дарахт остида уларга ўзи хизмат қилиб турди.
9 — Хотининг Сора қаерда? — деб сўрашди улар. — Шу ерда, чодирда, — деб жавоб берди Иброҳим.
10 Улардан бири: — Мен келгуси йили шу пайтда қайтиб келганимда, хотининг Сора ўғилли бўлади, — деди. Сора чодир пардасининг орқасида, чодирга киравериш ёнида бу суҳбатни эшитиб турарди.
11 Бу пайтда Иброҳим ҳам, Сора ҳам жуда кексайиб қолишган, Сора бола туғиш давридан анча ўтган эди.
12 У ичида кулиб, ўзича ўйлади: “Мен мункиллаган кампир бўлсам–у, қандай қилиб лаззатлана олардим?! Бунинг устига, хўжайиним ҳам қариб қолган бўлса.”
13 Шунда Эгамиз яна Иброҳимга айтди:— Нима учун Сора кулди? Нимага у: “Қариб қолган бўлсам, бола туғармидим”, деди?
14 Мен — Эгангиз учун имконсиз нарса бор эканми?! Келгуси йил шу пайтда
15 Лекин Сора қўрқиб кетган эди. — Кулмадим, — деб гапидан тонди у. — Йўқ, кулдинг, — деди Эгамиз.
16 Шундан кейин учалови ўринларидан туриб, Садўм томонга йўл олдилар. Иброҳим, уларни кузатиб қўяй деб, бирга юрди.
17 Эгамиз: “Мен қилмоқчи бўлган ишларимни Иброҳимдан сир тутмайман”, деди Ўзига.
18 “Иброҳимдан буюк, қудратли халқ келиб чиқади. Ер юзидаги жамики халқлар у орқали барака топади.
19 Иброҳим ўғилларини, ўз наслини Менинг йўлимдан юришга, тўғрилик ва адолат билан иш қилишларига йўл кўрсатсин деб, уни танлаганман. Шунда Мен Иброҳимга берган ваъдамни бажараман.”
20 Сўнгра Эгамиз Иброҳимга деди: — Садўм ва Ғамўра аҳолисининг разиллиги, уларнинг оғир гуноҳлари ҳақидаги оҳу фиғонлар Менга етиб келди.
21 Мен пастга тушиб кўрай–чи, уларнинг ҳаммаси ҳақиқатан ҳам шунчалик гуноҳга ботиб кетибдимикан?!
22 Шундан кейин икки киши Садўмга қараб йўл олди. Эгамиз эса Иброҳим билан қолди.
23 Иброҳим Унга қараб, сўради: — Сен гуноҳкорни ҳам, бегуноҳни ҳам бирдай қириб ташлайверасанми?
24 Айтайлик, шаҳарда элликта бегуноҳ одам топсанг, шаҳарни вайрон қилаверасанми? Бегуноҳ одамларнинг ҳақи–ҳурмати учун шаҳарга раҳм қилмайсанми?
25 Наҳотки гуноҳсиз одамни гуноҳкор билан бирга йўқ қилсанг?! Асло! Сен гуноҳсизнинг бошига гуноҳкорнинг кунини солмайсан–ку! Ахир, Сен бутун оламнинг Ҳокимисан, адолат ила иш тутасан!
26 — Агар Мен Садўмда элликта бегуноҳ одамни топсам, — деди Эгамиз, — уларнинг ҳақи–ҳурмати учун бутун шаҳарга раҳм қиламан.
27 — Эй Раббий! Мен тупроқ ва кул бўлсам ҳам, Сенга гапираётганимда қўполлигим учун кечиргин, — деди Иброҳим.
28 — Элликта бегуноҳ одамга бешта етмаса–чи? Бешта кам бўлгани учун бутун шаҳарни қириб ташлайсанми? — Агар у ерда қирқ бешта солиҳ одамни топсам, шаҳарни қириб ташламайман.
29 Иброҳим Эгамизга яна гапирди: — Балки у ерда қирқта бегуноҳ одам топилар. — Ўша қирқта бегуноҳнинг ҳақи–ҳурмати учун бу ишни қилмайман, — деди Эгамиз.
30 — Ё Раббий! — деди Иброҳим. — Гапирсам, Ўзинг кечиргайсан. Балки у ерда ўттизта бегуноҳ топилар? — Агар у ерда ўттизта бегуноҳ одамни топсам, шаҳарни қириб ташламайман, — деб жавоб берди У.
31 — Раббий! Гапираётганимда қўполлигим учун кечиргин, — деди Иброҳим. — Балки у ерда йигирмата бегуноҳ одам топилар? — Ўша йигирмата бегуноҳ одамнинг ҳақи–ҳурмати учун шаҳарни қириб ташламайман, — деди У.
32 — Раббий! Яна бир марта гапирсам, Ўзинг кечиргайсан, — деди Иброҳим. — Балки у ерда ўнта бегуноҳ одам топилар? — Ўша ўнта бегуноҳ одамнинг ҳақи–ҳурмати учун шаҳарни қириб ташламайман, — деб жавоб берди Эгамиз.
33 Эгамиз Иброҳим билан гаплашиб бўлгач, Ўз йўлига кетди. Иброҳим ҳам чодирига қайтди.