Ибтидо (1-Таврот) 26 bob
1 Шу орада юртда қаттиқ очарчилик бўлди, бундай очарчилик илгари Иброҳим даврида ҳам юз берган эди. Исҳоқ Гарор шаҳрига кўчиб кетди. У ерда Филистлар шоҳи Абумалек яшарди.
2 Эгамиз Исҳоққа зоҳир бўлиб, деди: — Мисрга борма. Мен сенга кўрсатадиган юртда ўрнашиб,
3 ўша ерда яшаб тур. Агар шундай қилсанг, Мен сен билан бирга бўламан, сенга барака бераман. Мана шу ерларнинг ҳаммасини сенга ва сенинг наслингга бераман. Отанг Иброҳимгаберган ваъдамда тураман.
4 Мен сенинг наслингни осмондаги юлдузлар каби сон–саноқсиз қиламан. Мана шу ерларнинг ҳаммасини сенинг наслингга бераман. Сенинг наслинг орқали ер юзидаги ҳамма халқлар барака топадилар.
5 Иброҳим Менинг талабларимга, амрларимга, фармонларимга, қонунларимга итоат этгани учун сенга барака бераман.
6 Шундай қилиб, Исҳоқ Гарор шаҳрида ўрнашиб қолди.
7 Бу ердаги одамлар Исҳоқдан Ривқо тўғрисида сўраганларида, “У менинг синглим”, деб жавоб берарди. “У менинг хотиним”, деб айтишдан қўрқар эди. Ривқо жуда чиройли бўлгани сабабли: “Одамлар уни тортиб олиш учун мени ўлдирадилар”, деб ўйларди.
8 Орадан анча вақт ўтди. Бир куни Исҳоқ Ривқони эркалатаётганда, Филистлар шоҳи Абумалек деразадан кўриб қолди.
9 Абумалек Исҳоқни чақиртирди. — У сенинг хотининг экан–ку! Нимага уни, синглим, деб айтдинг? — деб сўради. — Агар хотиним деб айтсам, бирортаси уни тортиб олиш учун мени ўлдиради, деб қўрқдим, — деди Исҳоқ.
10 — Бу нима қилганинг–а?! Ахир, одамларимдан бири хотининг билан осонликча бирга бўлиши мумкин эди–ку! Ундай ҳолда бизни гуноҳкор қилиб қўйган бўлардинг!
11 Шундай қилиб, Абумалек: “Кимки бу одамга ёки унинг хотинига озор етказса, ўша одамнинг жазоси ўлимдир”, деб фармон бериб, ҳаммани огоҳлантирди.
12 Исҳоқ у ерда даласига уруғ сепди. Эгамиз унга марҳамат кўрсатгани учун эккан уруғига нисбатан юз баробар кўп ҳосил олди.
13 Исҳоқ бойиб кетди, бойлиги тобора кўпайиб бораверди.
14 Унинг қўй–эчки сурувлари, мол подалари, хизматкорлари кўп эди. Шу сабабдан Филистлар Исҳоққа ҳасад қилишарди.
15 Улар Исҳоқнинг ҳамма қудуқларини тупроққа тўлдириб ташлашди. Иброҳим ҳаётлигида бу қудуқларни ўзининг хизматкорларига қаздирган эди.
16 Абумалек Исҳоққа: “Бизнинг еримиздан кет, сен биздан кўра, жуда кучайиб кетдинг”, деди.
17 Исҳоқ бу ердан кетиб, Гарор сойлигида* чодир тикиб, ўша ерда ўрнашиб олди.
18 Иброҳим бу ерда қудуқлар қаздирган, лекин унинг вафотидан кейин Филистлар бу қудуқларни кўмиб юборган эдилар. Исҳоқ ўша қудуқларни қайтадан қаздирди. Исҳоқ қудуқларга отаси қўйган номларни берди.
19 Унинг хизматкорлари сув топиш учун Гарор сойлигида ерни қазиётганларида, булоқ отилиб чиқди.
20 Лекин Гарорлик чўпонлар келишиб: “Бу булоқ бизники”, деб булоқни талаб қилдилар. Шундай қилиб, улар Исҳоқнинг чўпонлари билан қудуқ устида жанжаллашиб қолдилар. Шунинг учун Исҳоқ қудуққа Жанжал деб ном берди.
21 Сўнгра Исҳоқнинг одамлари бошқа қудуқ қазидилар. Лекин бу қудуқ устида ҳам келишмовчилик юз берди. Шунинг учун Исҳоқ бу қудуққа Зиддият деб ном берди.
22 Исҳоқ бу ердан ҳам кўчиб, бошқа қудуқ қаздирди. Ерли аҳоли охири уларни ўз ҳолига қўйди. Исҳоқ: “Ниҳоят, Эгам бу юртда яшашимиз учун бизга кенг жой берди, энди биз бу ерда яйраб–яшнаб кетамиз”, дея қудуққа Кенглик деб ном берди.
23 Исҳоқ бу ердан ҳам Бершебага кўчиб кетди.
24 Ўша куни кечаси Эгамиз Исҳоққа зоҳир бўлиб, деди: — Мен отанг Иброҳимнинг Худосиман. Қўрқма, Мен сен билан биргаман. Ўз қулим Иброҳимнинг ҳақи–ҳурмати учун сенга барака бераман, сенга сон–саноқсиз насл ато қиламан.
25 Исҳоқ у ерда қурбонгоҳ қуриб, Эгамизга сажда қилди, ўша ерда чодирини тикди. Исҳоқнинг хизматкорлари у ерда қудуқ қазидилар.
26 Абумалек маслаҳатчиси Охизат ва лашкарбошиси Пихол билан бирга Гарордан Исҳоқнинг олдига борди.
27 Исҳоқ уларга деди: — Нимага менинг олдимга келдингиз? Менга адоват билан қараб, ерингиздан чиқариб юборган эдингиз–ку!
28 — Бизга энди аён бўлди: Эганг сен билан бирга экан. Шунинг учун сен билан биз онт ичиб, аҳд қилайлик, дедик.
29 Биз сенга ҳеч қандай ёмонлик қилмаган эдик, аксинча, олижаноблик қилиб, эсон–омон жўнатиб юборган эдик. Сен ҳам: “Сизларга ёмонлик қилмайман”, деб қасам ич. Сен Худонинг ёрлақагани экансан.
30 Исҳоқ уларга зиёфат тайёрлади. Улар еб–ичдилар.
31 Эртаси куни улар эрта тонгда туриб, бир–бирларига қасамёд қилдилар. Сўнгра Исҳоқ уларни уйларига эсон–омон жўнатиб юборди.
32 Ўша куни Исҳоқнинг хизматкорлари келиб: “Биз сув топдик”, деб унга ўзлари қазиган қудуқ тўғрисида айтдилар.
33 Исҳоқ бу қудуққа Қасамёд деб ном қўйди. Шунинг учун шаҳарнинг номи бугунгача Бершебадир.
34 Эсов қирқ ёшида Хет халқидан иккита қизга — Бэри деган кишининг Яҳудит исмли қизига ва Элўн деган кишининг Босимат исмли қизига уйланди.
35 Эсовнинг бу хотинлари Исҳоқ билан Ривқонинг бошига кўп қора кунларни солдилар.