Ибтидо (1-Таврот) 9 bob
1 Худо Нуҳ билан унинг ўғилларига марҳамат қилиб, уларга деди: “Ували–жували бўлинглар, ер юзини тўлдиринглар.
2 Ер юзидаги жамики ҳайвонлар, осмондаги ҳамма қушлар, ерда судралиб юрувчи жонивор ва ҳашаротларнинг ҳаммаси, денгиздаги ҳамма балиқлар сизлардан қўрқиб, ҳуркадиган бўлади. Буларнинг ҳаммаси устидан сизлар ҳукмрон бўласизлар.
3 Ўтни ва сабзавотларни сизларга емиш қилиб берганим сингари, ҳамма тирик жонзотларни ҳам сизлар учун емиш қилиб бераман.
4 Лекин этни қони билан емайсизлар. Қонда жон бўлгани учун Мен буни тақиқлайман.
5 Қотиллик жазоланади. Инсоннинг жонини олган инсондан Мен хун талаб қиламан, инсонни ўлдирган ҳар қандай ҳайвон ўлдирилиши лозим.
6 Кимки инсон қонини тўкса, Унинг қонини ҳам инсон тўкар. Зеро, инсон зотини Мен, Худо, Яратганман Ўз суратимда.
7 Баракали бўлиб кўпайинглар, ер юзида тўлиб–тошиб, тобора ортиб боринглар.”
8 Худо Нуҳ билан унинг ўғилларига яна гапирди:
9 “Мен энди сизлар билан ва сизларнинг авлодингиз билан аҳд қиламан.
10 Сизлар билан кемадан чиққан ҳамма тирик жонзот — қушлар, чорва, ер юзида яшовчи ҳамма жониворлар билан ҳам аҳд қиламан.
11 Сизлар билан қатъий аҳд қиламан: бундан буён барча жонзот тўфон туфайли қирилиб кетмайди, ер юзини қириб битирадиган тўфон бошқа ҳеч қачон бўлмайди, деб ваъда бераман.
12 Сизлар ва жамики тирик жонзот билан қилаётган абадий аҳдимнинг аломати шу бўлади:
13 Мен булутлар орасида Ўз камалагимни ҳосил қиламан. Бу камалак Менинг олам аҳли билан қилган аҳдимнинг аломати бўлади.
14 Мен булутларни ер устига олиб келганимда, камалак булутлар орасида кўриниб туради.
15 Ана ўшанда Мен Ўзим билан сизлар ва ҳамма тирик жонзот ўртасида қилган аҳдимни ёдимда тутаман. Тўфон энди ҳеч қачон жамики жонзотни йўқ қилмайди.
16 Камалак булутлар орасида турганда, Мен камалакни кўриб, ер юзидаги тирик жонзот билан Ўзим қилган абадий аҳдимни ёдимда тутаман.”
17 Худо яна Нуҳга деди: “Ер юзидаги жамики тирик жонзот билан Мен қилаётган аҳднинг аломати ана шудир.”
18 Нуҳ ва унинг ўғиллари Сом, Хом ва Ёфас кемадан чиқишди. Кейинроқ Хом ўғил кўриб, исмини Канъон қўйди.
19 Нуҳнинг учала ўғлидан бутун ер юзидаги халқлар тарқалди.
20 Тўфондан кейин Нуҳ деҳқон бўлди ва илк бор узумзор барпо қилди.
21 Бир куни у ўзи тайёрлаган майдан ичди. Маст бўлиб, чодирида яланғоч ётган эди,
22 Канъоннинг отаси Хом отасининг яланғоч ётганини кўрди ва ташқарига чиқиб, акаларига айтди.
23 Сом билан Ёфас бир кийимни олиб, елкаларига ташладилар. Орқалари билан чодирга кириб, оталарининг яланғоч танасини кўрмаслик учун юзларини тескари ўгириб, унинг устини кийим билан ёпиб қўйдилар.
24 Нуҳ ўзига келгач, кенжа ўғлининг қилмишини билди.
25 Шунда Нуҳ деди: “Канъон лаънати бўлсин! Қулларнинг ҳам қули бўлсин акаларига!”
26 Нуҳ яна деди: “Сомнинг Худоси — Эгамизга Ҳамду санолар бўлсин. Канъон Сомга қул бўлсин!
27 Худо Ёфасга мўл ер берсин, Унинг насли Сомнинг Халқи билан яшасин! Канъон Ёфасга қул бўлсин!”
28 Нуҳ тўфондан кейин 350 йил яшади.
29 У 950 ёшида оламдан ўтди.