Ибтидо (1-Таврот) 47 bob
1 Юсуф акаларидан бештасини фиръавн ҳузурига олиб бориб, унга шундай деди:
2 “Менинг отам билан ака–укаларим мол–қўйларини, бутун мулкини олиб, Канъон юртидан келишди. Улар ҳозир Гўшен ерларида.” Сўнг Юсуф акаларини фиръавнга таништирди.
3 Фиръавн улардан: — Касб–корингиз нима? — деб сўради. — Биз, қулларингизнинг касби чўпон, ота–боболаримиз ҳам чўпон ўтишган, — деб жавоб беришди улар фиръавнга.
4 — Биз, Мисрда истиқомат қилиб турсак, деб келдик. Чунки қўй–эчкиларимиз учун Канъонда яйлов йўқ, у ерда оғир қаҳатчилик. Сиз, жаноби олийларидан илтимосимиз шуки, биз, қулларингизга, Гўшен ерларида истиқомат қилиб туришимиз учун ижозат берсангиз.
5 Шунда фиръавн Юсуфга деди: — Отанг, ака–укаларинг сенинг олдингга келишган экан,
6 ана, Миср юрти уларники. Уларни юртнинг энг яхши ерига — Гўшен ерларига жойлаштир. Агар уларнинг орасида уддабуронлари бўлса, менинг чорвамни ҳам уларга топшириб қўй.
7 Сўнг Юсуф отаси Ёқубни бошлаб келиб, фиръавн ҳузурига олиб кирди. Ёқуб фиръавнни дуо қилди.
8 — Ёшингиз нечада? — деб сўради фиръавн Ёқубдан.
9 — Бир юз ўттиз йилдан бери бу дунёда меҳмонман, — деди Ёқуб фиръавнга. — Ота–боболарим ҳам бу дунёдан меҳмон бўлиб ўтдилар. Лекин менинг ҳаётим тез ва қийинчилик билан кечди, мен ҳали ота–боболарим ёшига етмадим.
10 Шундан кейин Ёқуб фиръавнни яна дуо қилиб, унинг ҳузуридан чиқди.
11 Фиръавн амр бергандай, Юсуф отасини, акаларини Мисрдаги энг яхши ерларга — Рамзес шаҳри яқинидаги ерларга жойлаштирди.
12 Юсуф отасини, ака–укаларини, отасининг жамики хонадони аҳлини, уларнинг сонига қараб, озиқ–овқат билан таъминлади.
13 Қаҳатчилик тобора кучайиб бораверди. Қаҳатчилик Миср ва Канъон юртини хароб қилди.
14 Юсуф донни кумушга алмаштириб, Мисрдаги ва Канъондаги бор кумушларни йиғиб олди. У кумушларни фиръавннинг хазинасига олиб келиб тўплайверди.
15 Миср ва Канъон халқлари кумушларини сарф қилиб бўлди. Ҳамма Мисрликлар Юсуфнинг ҳузурига келишарди. “Кумушларимиз тугади, лекин бизга дон берсинлар! Жанобларининг кўз ўнгиларида ўлиб кетмайлик!” деб ялинишарди.
16 Юсуф эса уларга: “Агар кумушларингиз тугаган бўлса, мол–ҳолингизни олиб келинглар, эвазига дон бераман”, деб жавоб қиларди.
17 Шундай қилиб, улар чорвасини Юсуфга олиб келишарди. Юсуф уларнинг отларини, қўй–эчкиларини, подаларини, эшакларини олиб, эвазига дон берарди. Ўша йили Юсуф уларнинг чорвасини олиб, эвазига егулик берди.
18 Келгуси йили улар яна Юсуфнинг ҳузурига келиб, ҳасрат қилишди: “Биз жаноби олийларидан яшириб нима ҳам қилардик: кумушларимиз тугаган, мол–қўйларимиз ўзлариники бўлди. Жаноби олийларига танамизу еримиздан ташқари берадиган нарсамиз қолмади.
19 Жанобларининг кўзи олдида ўзимиз ҳам, еримиз ҳам нобуд бўлиб кетмасин. Ўзимизни ҳам, ерларимизни ҳам сотиб олиб, эвазига дон берсинлар. Биз ерларимизни фиръавнга бериб, ўзимиз унга қул бўлишга тайёрмиз. Ҳозироқ бизга дон–дун берсалар, токи ўлмай тирик қолайлик, ерларимиз ташландиқ бўлиб қолмасин.”
20 Шундай қилиб, Юсуф Мисрдаги жамики ерларни фиръавн учун сотиб олди. Қаҳатчилик ниҳоятда кучайганидан, ҳамма Мисрликлар далаларини Юсуфга сотдилар. Уларнинг ҳамма ерлари фиръавнники бўлиб қолди.
21 Шу тариқа Мисрнинг бу четидан у четигача бўлган бутун халқ фиръавнга қул бўлиб қолди.
22 Юсуф фақат руҳонийларнинг ерларинигина сотиб олмади. Чунки уларга фиръавн томонидан озиқ–овқат тайинланган бўлиб, ерларини сотишларига зарурат йўқ эди.
23 Шундан сўнг Юсуф халққа айтди: — Ўзларингиз ҳам, ерларингиз ҳам энди фиръавнники. Мана сизларга уруғ, далага экинглар.
24 Ҳосилни йиғиб олганларингизда, бешдан бирини фиръавнга берасизлар, бешдан тўрт қисми ўзларингизники бўлади, келгуси йил ҳосили учун уруғлик қиласизлар, бола–чақаларингиз билан еб, тирикчилик қиласизлар.
25 — Сиз бизга илтифот кўрсатдингиз, сиз бизнинг ҳаётимизни сақлаб қолдингиз, жаноби олийлари! — деб айтди халқ. — Шунинг учун биз фиръавнга қул бўламиз.
26 Фиръавн ҳосилнинг бешдан бирини оладиган бўлди. Юсуф буни бутун Миср юрти бўйлаб қонун қилиб қўйди. Бу қонун бугунгача бор. Фақат руҳонийларнинг ерларигина фиръавннинг мулки бўлмади, холос.
27 Шундай қилиб, Ёқуб* насли Мисрнинг Гўшен ерларига ўрнашиб қолди. Ёқуб насли у ерда мулк орттирди, аҳолиси кўпайиб борди.
28 Ёқуб Миср юртида 17 йил яшади. У 147 йил умр кўрди.
29 Ёқубнинг умри охирлаб қолди. У ўғли Юсуфни чақириб шундай деди: — Агар мендан рози бўлсанг, қўлингни соним остига қўйиб, “Сизнинг васиятингизни бажараман”, деб қасам ич Охирги васиятим шуки, мени Мисрда дафн қилмагин.
30 Бу оламдан ўтганимдан кейин, жасадимни Мисрдан олиб кетиб, ота–боболаримнинг хилхонасига дафн қил. Юсуф: “Айтганингиздай қиламан”, деб ваъда берди.
31 Ёқуб: “Менинг олдимда қасам ич”, деб талаб қилди. Юсуф қасам ичди. Ёқуб ўз тўшаги устида сажда қилди.