Ибтидо (1-Таврот) 38 bob
1 Шу орада Яҳудо ака–укаларидан ажралиб, алоҳида бўлди ва Адуллам шаҳрига кўчиб келди. У Хирах деган одамга яқин жойга ўрнашди. Хирах ўша ерлик эди.
2 Яҳудо бу ерда Канъон халқидан бўлган бир қизни учратиб қолди. Бу қиз Шуво деган одамнинг қизи эди. Яҳудо ўша қизга уйланди.
3 Ўша аёл ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди. Яҳудо ўғлига Ғур деб исм қўйди.
4 Яҳудонинг хотини яна ҳомиладор бўлиб, иккинчи ўғлини туғди. Бу ўғлига Ўнан деб исм қўйди.
5 Яҳудонинг хотини учинчи ўғлини туғди ва унга Шело деб исм қўйди. Бу ўғли туғилганда, Яҳудо Хазиб шаҳрида эди.
6 Тўнғич ўғли Ғур улғайгач, Яҳудо уни Тамара деган қизга уйлантирди.
7 Лекин Ғур Эгамизнинг олдида қабиҳлик қиларди. Охири, Эгамиз унинг жонини олди.
8 Шундан кейин Яҳудо Ўнанга айтди: — Сен акангнинг хотинига уйланиб, қайнағалик бурчингни бажар, токи акангга зурриёт қолсин.
9 Лекин Ўнан билардики, туғиладиган бола ўзиники ҳисобланмасди. Шу сабабдан Ўнан ҳар сафар Тамаранинг ёнига кирганда, акамга зурриёт қолмасин деб, уруғини ерга тўкарди.
10 Ўнан бу қилмиши билан Эгамизнинг олдида қабиҳлик қилаётган эди. Шунинг учун Эгамиз Ўнаннинг ҳам жонини олди.
11 Шундан кейин Яҳудо келини Тамарага: — Отангнинг уйига бориб турмушга чиқмай, ўтира тур–чи, ўғлим Шело улғайиб қолар, — деди. Чунки Яҳудо: “Шело ҳам акаларига ўхшаб ўлиб қолмасин”, деб қўрққан эди. Шундай қилиб, Тамара отасининг уйига қайтиб кетди.
12 Орадан бирмунча вақт ўтгач, Яҳудонинг хотини вафот этди. Яҳудо аза муддатини тугатгандан кейин, Адулламлик дўсти Хирах билан бирга қўйларининг жунини қирқаётганлардан хабар олгани Тимнах шаҳрига кетди.
13 Кимдир Тамарага: “Қайнатанг қўйларининг жунини қирқаётганлардан хабар олгани Тимнахга кетяпти”, деб айтиб қолди.
14 Тамара эгнидаги азадорлик либосларини ўзгартирди. Юзини рўмол билан беркитиб олди–да, Энайим шаҳри дарвозаси ёнида ўтирди. Бу шаҳар Тимнахга борадиган йўлда эди. Яҳудонинг кичик ўғли Шело вояга етганини Тамара биларди. Лекин ҳалигача Тамарани Шелога олиб бермаган эдилар.
15 Яҳудо Тамарани кўриб қолди. Тамара юзини беркитиб олгани учун, Яҳудо: “Бу аёл фоҳиша бўлса керак”, деб ўйлади.
16 Яҳудо йўл бўйида ўтирган Тамаранинг олдига келди. Бу аёл ўзининг келини эканини Яҳудо билмагани учун унга: “Мен билан бирга бўлгин”, деб таклиф қилди. — Сиз билан бўлсам, эвазига нима берасиз? — деб сўради Тамара.
17 — Сурувимдан бир улоқча юбораман, — деди Яҳудо. — Улоқчани юборгунингизча, менга гаровга бирон нарса қолдириб кетсангиз, — деди Тамара.
18 — Бўпти, гаровга нима берай? — деб сўради Яҳудо. — Бўйнингиздаги муҳрингизни боғичи билан, яна қўлингиздаги таёғингизни, — деди Тамара. Шундай қилиб, Яҳудо ўша нарсаларни Тамарага берди. Кейин у билан бўлди. Тамара Яҳудодан ҳомиладор бўлиб қолди.
19 Тамара уйига борди. Юзидаги ёпинчиғини олиб, азадорлик либосларини яна кийиб олди.
20 Яҳудо дўсти Хирахдан: “Мана бу улоқчани олиб бориб ўша аёлга бер, мен унга берган гаровни қайтариб ол”, деб илтимос қилди. Лекин Хирах у аёлни топа олмади.
21 Хирах шу ерлик одамлардан: — Мана шу шаҳарнинг дарвозаси ёнида — йўл четида бир фоҳиша ўтирар эди, ўша фоҳиша қаерда? — деб сўради. — Бу ерда ҳеч қандай фоҳиша йўқ, — деб жавоб беришди ўша одамлар.
22 Хирах Яҳудонинг олдига қайтиб келиб: — У аёлни топа олмадим, — деди, — шаҳар одамлари ҳам, бу ерда ҳеч қандай фоҳиша йўқ, деб айтишди.
23 — Майли, ўша нарсаларим у аёлга қолаверсин, — деди. — Мен унга улоқча жўнатгандим, сен топа олмадинг. Акс ҳолда, масхара бўлардик.
24 Тахминан уч ойдан кейин Яҳудо: “Келининг Тамара фоҳиша экан, ҳомиладор бўлиб қолибди” деган гапни эшитди. — Уни шаҳардан ташқарига олиб чиқиб ёқиб юборинглар! — деб буюрди Яҳудо.
25 Тамарани олиб чиққанларида, у қайнатасига шу хабарни юборди: “Мен мана бу боғичи бор муҳр ва таёқнинг эгасидан ҳомиладор бўлганман, илтимос, бу нарсаларнинг эгасини аниқласангиз.”
26 Яҳудо бу нарсаларни таниб, деди: “Мен зиммамдаги мажбуриятимни бажармадим — Тамарани ўғлим Шелога олиб бермадим, Тамара эса тўғри иш қилди.” Шундан кейин Яҳудо Тамара билан бошқа бўлмади.
27 Тамаранинг кўзи ёрийдиган пайт яқинлашганда, унинг қорнида эгизаклар борлиги маълум бўлди.
28 Тамара туғаётганда, эгизаклардан бири қўлини ташқарига чиқарди. Доя: “Буниси биринчи бўлиб туғилди”, деб чақалоқнинг қўлига қизил ип боғлаб қўйди.
29 Лекин чақалоқ қўлини ичкарига тортиб олиши биланоқ иккинчиси туғилди. Доя: “Сен йўлингни ўзинг ёриб чиқдинг!” деди. Шу сабабдан унга Параз деб исм қўйилди.
30 Сўнгра қўлига қизил ип боғланган чақалоқ туғилди. Унга Зерах деб исм қўйилди.