Ибтидо (1-Таврот) 32 bob
1 Ёқуб оила аъзоларини бошлаб йўлда кетаётган эди, Худонинг фаришталари унга пешвоз чиқдилар.
2 Ёқуб уларни кўриб: “Бу Худонинг лашкаргоҳи!” деди. Шунинг учун бу жойга Моханайим деб ном берди.
3 Ёқуб боришидан олдин Сеир, яъни Эдом юртида истиқомат қилаётган акаси Эсовга хабарчиларни юборди.
4 Ёқуб хабарчиларга шундай кўрсатма берган эди: — Эсов ҳазратларига шундай деб айтинглар: “Қулингиз Ёқуб айтмоқдаки, у шу пайтгача Лобоннинг хонадонида яшади.
5 Энди моллар, эшаклар, қўй–эчкилар, қул ва чўриларга эга бўлди. Келаётганидан сизни хабардор қилиш учун бизни юборди. Унинг умиди шуки, сиз унга меҳр–мурувват кўрсатсангиз.”
6 Хабарчилар қайтиб келиб, Ёқубга шундай дедилар: “Акангиз Эсовнинг олдига бордик. У сизни кутиб олишга келяпти, ёнида тўрт юзта одами ҳам бор.
7 Ёқуб бу хабарни эшитди–ю, қўрқиб, ваҳимага тушди. Хонадонидаги одамларини, қўй–эчкиларини, мол подаларини, туяларини икки қисмга бўлди.
8 У: “Агар Эсов келиб, битта қисмни қириб ташласа, нариги қисми қутулиб омон қолади–ку”, деб ўйлади.
9 Кейин Ёқуб ибодат қилди: — Эй бобом Иброҳимнинг, отам Исҳоқнинг Худоси! Эй Эгам! Менга: “Ўз юртингга, қариндошларинг олдига қайтиб бор, сенга муваффақият келтираман”, деб ваъда берган эдинг.
10 Кўрсатган садоқатингга, иноятингга мен, қулинг, лойиқ эмасман. Илгари Иордан дарёсини кечиб ўтганимда, таёғимдан бошқа ҳеч нарсам йўқ эди. Энди оила аъзоларим икки қўрғонни тўлдирадиган бўлди.
11 Илтижо қиламан, мени Эсов акамнинг қўлидан қутқаргин. У келиб, мен билан бирга хотинларимни, болаларимни ўлдиради, деб қўрқаман.
12 Сен эса менга: “Сенга муваффақият келтираман, сенинг наслингни денгиздаги қумдек кўпайтираман, кўплигидан наслингни санаб бўлмайди”, деб ваъда берган эдинг. Илтижо қиламан, ваъдангни ёдингда тут.
13 Ёқуб тунни ибодат қилган ўша жойда ўтказди.
14 Кейин сурувидан акаси Эсовга икки юзта она эчки,йигирмата така, икки юзта совлиқ ва йигирмата қўчқор,
15 ўттизта соғин туяни бўталоқлари билан, қирқта сигир ва ўнта буқа, йигирмата моча эшак ва ўнта эркак эшакни ҳадя қилиш учун танлаб олди.
16 Ёқуб бу ҳайвонларни подаларга бўлиб, хизматкорларига топширар экан, уларга шундай деди: — Мендан олдин юринглар, ҳар бир поданинг орасида бўш масофа қолдиринглар.
17 Энг олдинги подани ҳайдаб бораётган хизматкорига у шундай кўрсатма берди: — Эсов акам сени учратиб қолиб: “Кимнинг хизматкорисан? Қаерга кетяпсан? Олдингдаги пода кимники?” деб сўраганда,
18 сен: “Бу подалар қулингиз Ёқубники, буларни сиз, тўрамга ҳадя қилиб юбордилар, ўзлари ҳам орқамизда келяптилар”, деб айтгин.
19 Ёқуб подани ҳайдаб бораётган иккинчи, учинчи, хуллас, ҳамма хизматкорларига ҳам бир хил кўрсатма бериб: — Эсовни учратиб қолганингизда, ўша гапларимни айтинглар, — деди.
20 “Қулингиз Ёқуб орқамизда келяптилар”, деб албатта айтинглар, — деб таъкидлади. Чунки Ёқуб: “Ўзимдан олдин юборган ҳадяларим билан Эсов акамнинг кўнглини юмшатаман, у билан юзма–юз учрашганимизда, мени кечирса ажабмас”, деб умид қилаётган эди.
21 Шундай қилиб, Ёқуб ўзи боришидан олдин, ҳадяларни жўнатиб юборди ва бу кечани чодир тиккан жойда ўтказди.
22 Ўша куни тунда Ёқуб ўрнидан турди. Иккала хотинини, иккала чўрисини, ўн битта боласини Явоқ дарёси кечувидан ўтказди.
23 Улар дарёнинг нариги қирғоғига ўтиб бўлганларидан кейин, бутун мол–мулкини ҳам ўтказди.
24 Ёқуб дарёнинг бу томонида ёлғиз ўзи қолди. Ўша ерда бир одам билан тонг отгунча курашди.
25 Ўша одам кўрдики, Ёқубни мағлуб қила олмас экан. Бир пайт у Ёқубнинг бўксасига бир урган эди, сони бўғинидан чиқиб кетди.
26 — Мени қўйиб юбор, тонг отяпти, — деди ўша одам. — Мени дуо қилмасанг, кеткизмайман, — ҳансираб деди Ёқуб.
27 — Исминг нима? — деб сўради ўша одам. — Ёқуб, — деб жавоб берди у.
28 — Бундан кейин сенинг исминг Ёқуб эмас, Исроил бўлсин, — деди ўша одам. — Чунки сен Худо ва инсонлар билан олишиб, ғолиб чиқдинг.
29 — Илтимос, исмингни айт! — деди Ёқуб. — Нимага Менинг исмимни сўраяпсан? — деб сўради ўша одам. Шундай деди–ю, у Ёқубни дуо қилди.
30 Ёқуб: “Худо билан юзма–юз бўлибман–у, ҳаётим сақланиб қолибди–я”, деб бу жойга Паниёл деган ном берди.
31 Ёқуб Паниёлдан кетаётганда, қуёш чиққан эди. Сони оғриётгани учун у оқсоқланиб юрарди.
32 Ўша одам Ёқубнинг бўксасига ургани сабабли, Исроил халқи ўша тунда юз берган воқеанинг хотири учун бугунгача соннинг пайини емайди.