Ибтидо (1-Таврот) 49 bob
1 Ёқуб ўғилларини ҳузурига чорлаб деди: “Ёнимга келинглар, келгусида сизларга нима бўлишини айтай.
2 Келинг, қулоқ солинг, эй Ёқуб ўғиллари, Эшитинг отангиз Исроилнинг сўзларини.
3 Рубен, сенсан менинг тўнғичим, Қувватимнинг илк меваси, ҳам қудратим, Шуҳрату қудратда юксаги сенсан.
4 Лекин денгиз тўлқинидай бетизгинсан, Бундан кейин асло устун бўлмайсан. Отангнинг ётоғига сен кирдинг, Тўшагимга чиқиб, уни булғадинг.
5 Шимўн билан Леви ҳамтовоқлардир, Қиличлари жабр–жафо қуролидир.
6 Ҳеч қачон шерик бўлмасман уларнинг фитналарига, Асло қўшилмасман уларнинг йиғинларига. Улар ғазаб ила ўлдирдилар инсонларни, Роҳатланиш учун майиб қилдилар ҳўкизларни.
7 Лаънат бўлсин уларнинг раҳмсиз ғазабига, Лаънат бўлсин уларнинг беаёв зулмларига! Тарқатиб юбораман уларни ҳар томонга, Ёқубнинг юртида — Исроилнинг юртида.
8 Эй Яҳудо, сени мадҳ этар биродарларинг, Ғанимларинг гарданида бўлар қўлларинг. Сенга таъзим қилишар отангнинг ўғиллари.
9 Яҳудо шернинг боласига ўхшар, Ўғлим, овдан қайтиб келдинг сен, Шердек чўкиб, чўзилиб ётарсан. Сени уйғотмоққа ким журъат этар?!
10 Яҳудонинг қўлидан кетмас салтанат ҳассаси, Унинг наслида қолар салтанат тамғаси, Халқлар унга ўлпон келтирарлар, Унга итоат этиб таъзим қиларлар.
11 Эшагини у доим боғлайди токка, Хўтикчани — ток новдасига. Шаробда ювади кийимларини Аъло шаробда — кўйлакларини.
12 Шаробдан ҳам қора кўзлари, Сутдан ҳам оппоқ тишлари.
13 Забулун ўрнашади денгиз бўйида, Кемаларга у бандаргоҳ бўлажак. Унинг чегараси Сидонгача боражак.
14 Иссахор қўрада ўрнашиб ётган Кучли эшакка ўхшар.
15 Кўрсаки, ўрнашган ери нақадар яхши, Жуда ёқимли экан бу жойлар. Юкни кўтармак чун елкасин тутди, Оғир меҳнатга у қул бўлиб қолди.
16 Исроил қабиласининг биттаси бўлиб, Дан ўз халқини ҳукм қилади.
17 Дан йўлда ётган бир илон бўлади, Сўқмоқда чўзилиб ётган заҳарли илон. Отларнинг тўпиғини у чақиб олар, Чавандоз йиқилар, чалқанча тушар.
18 Сендан нажот кутарман, эй Эгам!
19 Гадни талаб кетади босқинчилар, Гад уларнинг изидан бостириб борар.
20 Ошер тансиқ таом етиштирар, Шоҳона ноз–неъматлар тайёрлар.
21 Нафтали озод юрган оҳуга ўхшар, Ажойиб оҳучалар дунёга келтирар.
22 Юсуф ўхшар серҳосил токка — Булоқ бўйидаги серҳосил узумга. Унинг новдалари девордан ошиб ўтар.
23 Раҳмсиз камонкашлар унга ҳужум қилишди, Ўқ отишди унга, қаттиқ сиқишди.
24 Лекин Юсуфнинг камони таранг тортилди, Унинг қўллари ҳам чаққонлашди Ёқубнинг қудратли Худоси кучи туфайли, Исроилнинг Чўпони, Қояси туфайли.
25 Отангнинг Худоси сенга мадад бергай, Қодир Худо сенга марҳамат кўрсатгай Юқоридаги осмон баракалари ила, Ер қаъридан чиққан сувнинг баракалари ила, Она кўкрагию пуштининг баракаси ила.
26 Абадий тоғлар баракасидан ҳам, Қадим тепаликлар неъматидан ҳам, Отангнинг дуолари кучлидир. Бу баракалар Юсуфга насиб этар, Биродарлари ичра у йўлбошчи бўлар.
27 Бенямин оч бўрига ўхшар, Сабоҳда у ўлжасини ямлаб ютар, Оқшомда у топганини бўлишар.”
28 Исроилнинг ўн икки қабиласи ана шулар бўлиб, отаси уларни дуо қилганда, юқоридаги сўзларни айтган эди. Ҳар бирини ўзига лойиқ тарзда дуо қилди.
29 Шундан сўнг Ёқуб ўғилларига васият қилди: — Менинг куним битиб боряпти. Мени Хет халқидан Эфрўннинг даласидаги ғорга — ота–боболарим ёнига дафн қилинглар.
30 Ўша ғор Канъон юртида, Мамре шарқида жойлашган Махпаладаги далада. Бобом Иброҳим бу далани Эфрўндан қабристон учун сотиб олган.
31 У ерга бобом Иброҳим билан бувим Сора дафн қилинган. Отам Исҳоқ билан онам Ривқо ҳам у ерга дафн қилинган. У ерга мен Леахни дафн қилганман.
32 Бобом Иброҳим Хет халқидан сотиб олган ғор ўшадир.
33 Ёқуб ўғилларига васият қилиб бўлгач, яна тўшагига ётди–ю, жони узилиб, ота–боболари ёнига кетди.